Россия бокс федерацияси: Қозоғистон ҳозирча Ўзбекистондан орқада қоляпти
- 2-октябр, 20:16
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Бокс
Россия бокс федерацияси (РФБ) қошидаги мураббийлар кенгаши раиси Эдуард Кравцов Европа чемпионати якунларидан сўнг миллий терма жамоа истиқболлари ҳақида фикр билдирар экан, Қозоғистон ва Ўзбекистон терма жамоаларини солиштирди, деб хабар бермоқда Championat.com сайти.
«Россия ҳали ҳам дунёдаги энг кучли бокс мактабларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ҳеч қандай бўрттириш йўқ. Биз шубҳасиз етакчилар қаторида бўламиз. Масалан, Ўзбекистон терма жамоаси билан Дубайда тўқнаш келганмиз. У ерда рақиблар энг кучли таркибда тушишганди. Шунга қарамай, биз ҳам якка беллашувларда, ҳам медаллар умумий ҳисобида устун келдик. Бу натижалар бизнинг терма жамоамиз келажаги борасида маълум тасаввур беради.
Қозоғистонда айрим вазн тоифаларида кучли бокчилар бор. Лекин улар ҳозирча Ўзбекистондан орқада қоляпти.
Шу билан бирга, бошқа терма жамоаларни ҳам инкор этиб бўлмайди. Қолаверса, мусобақанинг ўзи Осиёда ўтади. Турнир Қозоғистонда ташкил этилади, шу боис биз қийин синовни кутяпмиз. Лекин яна бир бор таъкидлайман, жамоа руҳан тайёр. Олдимизга қўйилган асосий мақсад — умумжамоавий ҳисобда биринчи ўринни қўлга киритиш», — деди Кравцов.