Қарзлар туфайли Роналду клуби бошқаларга сотилади
Криштиану Роналду тўп сураётган Саудиянинг «Ан-Наср» клуби қарздорлик сабаб янги эгаларига сотилиши мумкин.
Bloomberg тарқатган маълумотларга кўра, Ар-Риёд жамоасида бюджет танқислиги 184 миллион еврони ташкил этмоқда. Клубни сотиб олишга АҚШда жойлашган RedBird Capital Partners инвестиция компанияси қизиқиш билдирган.
Мазкур компанияга ҳозирда Италиянинг «Милан» ва Франциянинг «Тулуза» клублари тегишли.
Манбаларга кўра, агар келишув амалга ошса, «Ан-Наср» инвесторлари орасида Криштиану Роналдунинг ўзи ҳам пайдо бўлиши мумкин. Португалиялик юлдуз клуб акцияларининг 20 фоизини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Амалдаги шартнома асосида Роналду Саудия Арабистонида йилига 200 миллион евродан ортиқ маош олмоқда ва ҳозирча дунёдаги энг кўп маош оладиган футболчи сифатида қолмоқда.