Ахир Шомуродов қувиб етди! Гол уролмаган ҳужумчи ғазаб устида стулни тепиб ташлади
Туркия Суперлигасида тўпурарлар пойгасида кураш авжига чиқмоқда. Чемпионат "Олтин бутса"си учун асосан Европанинг топ-лигаларида ўйнаб келган юлдузлар даъвогарлик қилмоқда.
Саккизинчи тур якунларига кўра, "Ливерпуль"дан "Трабзоспор"га келган Муҳаммад Салоҳ саккизта гол билан пешқадамга айланди.
Сўнгги турда рақиблар дарвозасини ишғол қилган "Башакшеҳир" форваорди Элдор Шомуродов ва "Фенербаҳче" ҳужумчиси Ведат Мурики киритган тўплари сонини еттига етказиб, ўзларидан бир поғона юқорида турган "Амед" юлдузи Гифт Орбанга етиб олди.
Бу ҳолат нигериялик ҳужумчи Гифт Орбанга жиддий босим ўтказяпти. Рақобатчиларидан фарқли равишда унга гол уриш борасида барқарорлик етишмаяпти. Хусусан у октябрь ойидаги ўйинларда ҳали рақиб дарвозасига йўл топа олгани йўқ.
Шу туфайли Орбан жиддий асабийлашяпти. Бунинг ортида охирги ўйинда қилган иши мухлису мутахассислар эътиборидан четда қолмади. У яна бир бор ўзининг мураккаб ва жиззаки характери билан эътибор марказига тушди.
"Амед" ҳужумчиси "Коньяспор"га қарши ўйин пайтида захирага олинган вақтда майдонни тарк этаётганда ҳис-туйғуларини жиловлай олмади: захира ўриндиғида турган стулни тепиб, ғазабини шу йўл билан чиқарди.
Орбаннинг бундай ҳолатга тушиши биринчи бор кузатилмаяпти. Илгари Италиянинг "Верона" жамоасида ўйнаган футболчиси аввал ҳам майдондаги кескин вазиятларга дош беролмаслиги билан танилган.
Бу сафар ҳам унинг реакцияси мураббий қароридан эмас, балки шахсий норозилигидан келиб чиққан. Маълум бўлишича, ҳужумчи асосий мақсади — рақиб дарвозасини ишғол этишни уддалай олмагани учун қаттиқ асабийлашган.
Ҳозирча, Суперлига тўпурарлари пойгасида юқори номи келтирилган ҳужумчилардан ташқари лиганинг энг қиммат ўйинчиси Виктор Осимхен ва Италия футболида тўпурарлик маҳоратини намойиш қилган Душан Влахович ҳам олтитадан гол билан курашни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркия чемпионатининг ўтган мавсумида Элдор Шомуродов 22 та гол билан лига тўпурари совринини қўлга киритган эди.