Параосиё ўйинларида апелляциядан сўнг Ўзбекистонга олтин медаль қайтарилди
Параспортчи Фахриддин Ҳамроев Японияда ўтаётган V Параосиё ўйинларида 1500 метр масофага югуриш баҳсида биринчи бўлиб марра чизиғини кесиб ўтганди. Бироқ рақибининг шикоятидан сўнг у дисквалификация қилинди. Кейинчалик Ўзбекистон делегацияси берган апелляция қаноатлантирилиб, қарор бекор қилинди ва спортчига олтин медаль қайтарилди.
Маълумотга кўра, 21 октябрь куни Аичи ва Нагояда ўтаётган V Параосиё ўйинларида ўзбекистонлик параспортчи Фахриддин Ҳамроев қўлга киритган олтин медаль аввал бекор қилинган, кейин эса қайта тикланган.
Паралимпия қўмитаси вакиллари маълумотида айтилишича, параенгил атлетиканинг Т13 тоифасида 1500 метрлик югуриш мусобақасида Фаҳриддин Ҳамроев барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи бўлиб маррага етиб келган ва олтин медалга сазовор бўлган.
Югуриш якунлангач, Иордания спортчиси ҳакамлар ҳайъатига расмий шикоят киритган. Унинг даъво қилишича, Ҳамроев уни туртиб юборган ва югуришига халал берган. Шикоят асосли, деб топилиб, ўзбекистонлик спортчининг натижаси бекор қилинган, ўзи эса мусобақадан четлатилган.
- Ўзбекистон делегацияси масъуллари дарҳол апелляция берди. Параенгил атлетика бўйича халқаро назорат комиссияси югуриш видеоязувини яна бир бор кўриб чиқди. Таҳлил натижасида Ҳамроев рақибига нисбатан ҳеч қандай ноқонуний ҳаракат қилмагани ва қоидаларни бузмагани аниқланди, — дея маълум қилди қўмита.
Шундан сўнг Фахриддин Ҳамроевга нисбатан қўлланилган дисквалификация бекор қилинди. У кўрсатган натижа ҳақиқий, деб эътироф этилди ва спортчига ўйинлар олтин медали расман қайтарилди.
Медал қайтарилгандан кейин ўйинларнинг учинчи куни якунига кўра Ўзбекистон жамоаси қўлга киритган совринлар сони 33 тадан 34 тага етди, умумий медаллар сони эса 90 тани ташкил этди.
Ана холос: Фабио Каннаваро бошқа иш қидиряптими?