Проф боксда 213 та жанг ўтказиб, уларнинг 191 тасида мағлуб бўлган чарм қўлқоп устаси ҳақида биласизми?
- 7-август, 12:35
- Javohir Malikov
- 0
- Бокс
Англиялик Жордан Граннум профессионал боксда икки юзинчи мағлубиятига яқинлашиб қолди. Бир қарашда бу рақам ишончсиз туюлиши мумкин, аммо айнан шу статистика уни Британиянинг энг чидамли ва энг банд боксчиларидан бирига айлантирган.
Лондонлик проф рингда 2015 йилда дебют қилганидан буён 15 ғалаба, 191 мағлубият ва 7 дурангдан иборат рекордни тўплади. Шунга қарамай, у ҳали ҳам промоутерлар учун талабгир рақиб бўлиб қолмоқда.

Граннумнинг фаолиятидаги энг қизиқ жиҳатлардан бири – у жуда кам ҳолларда нокаутга учрайди. Аксарият жангларини ҳакамлар қароригача етказади. Шу боис у ёш истеъдодлар ва рейтингни оширишни мақсад қилган боксчилар учун синов майдони сифатида кўрилади.
Маълумотларга кўра, Граннум яқин ҳафталарда яна камида учта жанг ўтказиши режалаштирилган. Агар у рингга шундай тез-тез чиқишда давом этса, унинг икки юзинчи мағлубиятга етиши фақат вақт масаласи бўлиб қолади.
Шу билан бирга, мутахассислар унинг фаолиятини оддий рақамлар билан баҳолаш нотўғри эканини таъкидлашмоқда. Чунки Граннум каби "жорнимен"лар маҳаллий бокс саҳнасида ёш боксчиларни шакллантиришда муҳим ўрин тутади ва спортнинг “кўринмас меҳнаткашлари” сифатида эътироф этилади.