Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси янги бош мураббий билан тўрт йиллик шартнома имзолади
- 10-октябр, 11:57
- Javohir Malikov
- 0
- Дзюдо
Грузиялик тажрибали мутахассис Лаша Гуджеджиани расман дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийига айланди.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов ва Лаша Гуджеджиани келишув шартномасига имзо чекишди. Швейсарияда ўтган Лаусанне Гранд Слам 2026 турнири Лаша Гуджеджиани учун терма жамоамиз бошқарувидаги илк мусобақа бўлган эди. Лозанна турнирида Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медали билан дунёнинг 77 давлати орасида Топ-6ъталикдан жой олганди.
Шунингдек, Япония давлати мезбонлик қилган ХХ Осиё ўйинларида терма жамоамиз 2 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида мезбонлардан сўнг иккинчи ўринни банд этди.
Маълумот учун, Лаша Гуджеджиани Ўзбекистонга келгунига қадар беш йил давомида Грузия терма жамоаси бош мураббийи бўлган. Унинг қўл остида Грузия Токио-2020 Олимпиадасида 1 та олтин, 3 та кумуш, Париж-2024 Олимпия ўйинларида эса 1 та олтин, 2 та кумуш медал қўлга киритган. 2025 йилда эса унинг қўл остидаги Грузия жаҳон чемпионатининг жамоавий баҳсларида чемпион бўлиб, тарихий натижа қайд этди. Лашанинг ўзи спортчилик даврида икки бор жаҳон чемпионати совриндори бўлган.
Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабар бермоқда.