Отабек Нарзуллаев: "Тўғриси, саволингизга жавоб бера олмайман"
- Бугун, 00:02
- Shuhratbek Jo’rayev
- 0
- Футбол
“Машъал” борган сари чуқурликка тушиб боряпти. Бу жамоа чемпионатнинг 8-турини ҳам ютқазди. 8 та ўйин ва 8 та мағлубият!
Бу сафар муборакликлар “Хоразм”ни қабул қилишди ва 0:1 ҳисобида имконият бой берилди.
Учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Машъал” мураббийи Отабек Нарзуллаев иштирок этди.
- Ўйин асабий ўтди. Футболчиларга раҳмат айтаман. Бор кучлари билан ҳаракат қилишди. Қаердадир омад келмади. Билмайман, бу нима билан боғлиқ. Лекин ҳаракат қилишда давом этамиз. Охирги нуқтани қўйишда оқсаяпмиз. Балки гол урганимизда ғалаба қозонармидик?! Кўряпсизлар, охирги дақиқаларда тўп қўлимизга тегади ёки ўзимизга-ўзимиз хато қиламиз. Ҳаёт давом этади, ишлашда давом этамиз.
- “Машъал”ни Суперлигадаги охирги ғалабаси Қаршида “Насаф” билан ўйинда юз берган. Шундан бери “Машъал”да 9 та мағлубият ва 2 та дуранг. Охирги нуқтани қўйишда Хумоюн Муртазоев етишмади, деб ўйлайсизми?
- Футболчилар яхши ҳаракат қилишди. Қаердадир “Хоразм” дарвозабони яхши ҳаракат қилди. Яна қаердадир уларни ҳимоячилари яхши ҳимояланишди. Бу – футбол, ким гол урса, шу ютади.
- Игорь Суров масаласи. Бир неча турдан бери жамоани бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушяпсиз. Суровни соғлигидаги муаммолари борлиги айтилди. Лекин анчадан бери кўринмаяпти.
- Тўғриси, саволингизга жавоб бера олмайман.