Ўзбекистон: Сенсацион ғалаба яқин
- 26-сентябр, 07:36
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Шахмат
Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Самарқандда ўтаётган шахмат бўйича Жаҳон Олимпиадасининг тўққизинчи туридан сўнг яна пешқадамликка чиқди.
Ўзбекистон терма жамоаси жуда муҳим баҳсда АҚШ жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, жами 16 очко тўплади. Бу ғалабада ҳал қилувчи ўринни Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Якуббоевнинг ўйинлари эгаллади. Абдусатторов Фабиано Каруана, Якуббоев эса Ханс Ниманн устидан ишончли ғалаба қозонди.
Жавоҳир Синдаров Уэсли Со билан дуэлда мағлуб бўлди, Мухиддин Мадаминов эса Левон Аронянга қарши учрашувни дуранг билан якунлади.
Аввалроқ, олтинчи турда ҳам Ўзбекистон жамоаси амалдаги олимпия чемпиони — Ҳиндистон терма жамоасини шу ҳисоб, 2,5:1,5 билан мағлуб этган эди.
Тўққиз турдан сўнг Ўзбекистон 16 очко билан мусобақа жадвалида якка пешқадам бўлиб турибди. Ундан бир очкога орқада Ҳиндистон, Арманистон ва Ўзбекистоннинг иккинчи терма жамоаси бормоқда.
Олимпиаданинг сўнгидан бир олдинги — ўнинчи турида пешқадам Ўзбекистон Арманистон терма жамоасига қарши ўйнайди. Олтин медалларни қўлга киритиш учун ўзбекистонликларга яна икки учрашувни ўтказиш қолди.