Ўзбек мураббийлари Қозоғистон чемпионати учун боксчилар тайёрлаяпти
- 14-октябр, 08:02
- Zohir Toshxo’jayev
- 1
- Бокс
Қозоғистонлик боксчилар Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида мамлакат чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Sports.kz нашри Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Акмал Ҳасановга таяниб хабар берди.
«Қозоғистонлик биродарларимиз ҳозир Ўзбекистонда.
Шу кунларда юртимизга бир неча қозоғистонлик боксчи ташриф буюриб, бу ерда ўз миллий чемпионатига ҳозирлик кўрмоқда. Сабаби оддий: Ўзбекистонда кучли рақиб-спаррингдошлар, тажрибали мураббийлар, ўз ишининг ҳақиқий усталари етарли», — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ўқув-машғулот йиғинига шундай мутахассислардан бири — Ўзбекистон терма жамоасининг катта мураббийи Акмал Ҳасанов бошчилик қилмоқда. Ҳасановнинг катта тажрибаси, аниқ кўрсатмалари ва талабчанлиги машғулотлар жараёнида яққол сезилмоқда, дея қайд этилган инстаграмдаги хабарда.
Халқаро ўқув-машғулот йиғини 5–18 октябрь кунлари Ўзбекистонда ўтказилмоқда ва 14 кунга мўлжалланган. Машғулот лагерининг дастлабки қисми Тошкентдаги Республика олимпия захиралари коллежи базасида ташкил этилди. Интенсив тайёргарлик ва спаррингларнинг якуний босқичи учун боксчилар Янгиободдаги баланд тоғли базага кўчирилди.
Қозоғистон бокс бўйича 2026 йилги чемпионати 29 октябрдан 6 ноябргача Тараз шаҳрида бўлиб ўтади.