"Нефтчи"нинг қизил карточкаси ва автоголи Роналду жамоасига қўл келди
- 13-октябр, 06:21
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида икки чемпион - "Ан-Наср" ва "Нефтчи" ўзаро тўқнаш келди. Криштиану Роналду етакчилигидаги "Ан-Наср" жамоаси ўз майдонида Ўзбекистоннинг "Нефтчи" (Фарғона) жамоаси устидан ғалаба қозониб, ОФК Элит Чемпионлар Лигаси умумий босқичи иккинчи турида муҳим уч очкони қўлга киритди.
Учрашув 3:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига якунланди. 33-дақиқада Анжело Габриэл ҳисобни очди. 42-дақиқада эса Криштиану Роналду ҳисобдаги фарқни иккитага етказди. Садио Мане узатган баланд тўпни Айман Яҳё кўкраги билан Роналдуга йўллаб берди, португалиялик юлдуз эса жарима майдони ичида ўзига хос услубда бурилиб, кучли зарба йўллади. Ушбу гол Роналдунинг профессионал фаолиятидаги 981-гол бўлиб, унинг шахсий жаҳон рекордини янада янгилади.
Танаффусдан сўнг "Нефтчи" ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди: 51-дақиқада Алишер Одилов аниқ зарба йўллаб, фарғоналикларни курашга қайтарди. Бироқ 65-дақиқада фарғоналиклар майдонда бир ўйинчи кам қолишди — Икромжон Алиббоев Муҳаммад Симаканга қаратилган хавфли ҳаракати учун тўғридан-тўғри қизил карточка олди.
Учрашув тақдирини эса Анваржон Ғафуровнинг ўз дарвозасига киритиб юборган тўпи ҳал қилди ва шу тариқа ҳисоб 3:1 кўринишида қайд этилди. Бу автоголдан кейин Ўзбекистон чемпионларида мағлубиятдан қутилиб қолиш имконияти бўлмади.
Эслатиб ўтамиз, биринчи турда "Ан-Наср" сафарда Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Айн" клубига 0:4 ҳисобида мағлуб бўлган эди. "Нефтчи" эса ўз мухлислари кўз ўнгида Ироқнинг "Ал-Қува Ал-Жавия" жамоасини 1:0 ҳисобида енгган. Мазкур ғалабадан сўнг "Ан-Наср" мусобақада илк уч очкони қўлга киритиб, Ғарбий минтақадаги жадвалда саккизинчи ўринга кўтарилди. "Нефтчи" ҳам дастлабки турдаги ғалабаси эвазига уч очкога эга бўлиб, ҳозирча еттинчи поғонада жойлашган.
26 октябрь куни "Ан-Наср" ўз майдонида БАА клуби "Ал-Васл" футболчиларини қабул қилади. Шу куни "Нефтчи" эса Фарғонада Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" жамоасига қарши майдонга тушади.
Ана холос: Ўзбекистон миллий терма жамоаси кейинги ой Россия билан ўйнаши кутиляпти
Ҳусанов-чи? “Манчестер Сити” барча юлдузлари тарқалиб кетадиган бўляпти
Шомуродовнинг голсиз ўйини қандай баҳоланди?