Манчестердан кетганидан хурсандман!
- 18-октябр, 12:42
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
«Эвертон» ярим ҳимоячиси Жеймс Гарнер «Манчестер Юнайтед»дан кетиш қароридан жуда мамнун эканини билдирди.
Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель май ойида 25 ёшли Гарнер жаҳон чемпионати учун таркибга киришга яқин бўлганини айтган эди. Шунинг учун «Эвертон»нинг янги мавсумдаги ишончли стартидан кейин Жеймснинг сентябрь ва октябрь ойларидаги Миллатлар лигаси учрашувлари учун терма жамоага чақирилиши кутилмаган ҳолат бўлмади.
Гарнер «Эвертон»даги тўрт йил давомида асосий футболчилардан бирига айланди. Шу боис у 2022 йилда 15 миллион фунт эвазига «Эвертон»га ўтган «Манчестер Юнайтед»да ўзини тўлиқ намойиш эта олмаганидан афсусланмайди.
- Менимча, бу мен учун идеал қарор бўлган. Мен ҳеч қачон қулайроқ муҳитдан чиқиб, қийинроқ шароитга боришдан қўрқмаганман. Уч марта ижарага берилдим: бир марта «Уотфорд»да, икки марта «Ноттингем Форест»да ўйнадим. Ёшлигимда Лондон ва Ноттингемга кўчиб ўтаётганимда, муҳит ёки вазият ўзгаришидан умуман хавотир олмаганман.
Мен учун энг муҳими – ўйинларда майдонга тушиш эди. Ўша пайтда «Эвертон» мен учун идеал танлов бўлди. Мен жамоа фонида йўқолиб кетишни ёки захира ўриндиғида ўтиришни истамадим. Асосий таркибга кириш ва ўз ўрним учун курашишни хоҳладим. Сўнгги уч-тўрт йил давомида айнан шу ишни қилдим.
«Манчестер Юнайтед»дан кетганимдан афсусланаманми? Йўқ, аслида йўқ. Ҳаётда содир бўладиган ҳар бир воқеанинг ўз сабаби борлигига ишонаман. Мен кетганимдан кейин улар уч-тўрт нафар ярим ҳимоячи билан шартнома имзолади. Уларнинг барчаси жаҳон даражасидаги футболчилар эди.
Агар қолганимда, бугунги даражага етиб келмаган бўлардим. Шунинг учун кетганимдан жуда мамнунман, - дея Гарнернинг сўзларини келтиради Evening Standard.