"Мағлубиятга лойиқ эмасдик, енгилмайдиган жамоани ўзи йўқ" - "Нефтчи" устози илк ютқазган ўйиндан кейин яна нималарни айтди?
- Бугун, 10:00
- Shuhratbek Jo’rayev
- 0
- Футбол
6-турнинг марказий ўйинларидан бири Фарғонада бўлиб ўтди ва унда “Нефтчи” “Пахтакор”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Натижада амалдаги чемпион жорий мавсумдаги дастлабки мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.
Учрашувдан сўнг “Нефтчи” устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берди.
- Биринчи навбатда мухлисларимиздан узр сўрайман. Мағлубиятга лойиқ эмасдик. Шу билан бирга “Пахтакор” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўйлайманки, футболчилар қўлидан келган барча ишни амалга оширишди. Бу – футбол. Битта вазият ўйин тақдирини ҳал қилиб кетди. Ўйинни қайтадан кўриб чиқамиз. Ютқазмайдиган жамоани ўзи йўқ. Ҳаммасини кўриб чиқиб, кейинги ўйинга яхши тайёргарлик кўришга ҳаракат қиламиз.
- ФИФА рухсат берса Эрондаги легионерларимиз Игорь Сергеевни “Нефтчи”га ўтиши қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Бу бўйича аниқ маълумот йўқ. Буни клуб раҳбарияти ҳал қилади. Ҳозирча менда бу борада аниқ 100 фоизли маълумот йўқ.
- Гол ўтказилган жараёнгача “Нефтчи”да иккинчи, учинчи режалар кўзга ташланмади. Жамоа натижадан келиб чиқиб, ўйинда ранг-баранглик тақдим эта олармиди?
- Бу гапингизга қўшилмаган бўлардим. Сабаби, бизда иккинчи режа бор эди. Иккита ҳужумчини майдонга туширдик ва кўпроқ узун паслар билан ўйнашга ҳаракат қилдик. Бир нечта имкониятлар бўлди, аммо улардан фойдалана олмадик. Иккита номинал ҳужумчи ва ҳаттоки, ярим ҳимоямизда битта таянч ярим ҳимоячисини қолдирдик. Ғиёсов, Йовович, Жумаев...Буларни барчаси ҳужумкор футболчилар. Катта таваккалчиликка қўл урдик. Ўйлайманки, бу жамоамизни иккинчи режаси эди. Бу бизда олдиндан бор эди ва 70-дақиқада амалга оширдик.
- Рақиб чуқур ҳимояга ётганда кўпроқ ижодкор футболчилар керак бўлади. Жамоадаги энг ижодкор ўйинчи – Жамшид Искандеров нега алмаштирилди? Ёки бу жисмоний ҳолати билан боғлиқмиди?
- Жисмоний ҳолати билан боғлиқ эмас. Искандеров ўз спорт формасида. Ўзгартиришга келадиган бўлсак, “Пахтакор” қарши ҳужумга ўтганидан кейин биз уларни қарши ҳужумга кўтарилаётган пайтда узун паслар билан ўйнашга қарор қилдик. Бу вазиятда иккинчи ҳужумчини туширишимиз учун Искандеровни ўйиндан олишимизга тўғри келди. Чунки майдон марказида Йовович энди захирадан тушганди. Агар Жокични олиб ташласак, биз тўлиқ таянч зонасини бой берган бўлардик. Шундан келиб чиқиб, ягона йўл бор эди – Искандеровни ўйиндан олиб иккинчи ҳужумчини туширдик.
- Кўпчиликни саволи: Икром Алибоев кўринмади...
- Алибоев ўйин олди машғулотларида жароҳат олди. Шунинг учуни у қайдномада ҳам йўқ эди.
- Бошқа жароҳат олган ўйинчилар йўқми?
- Йўқ, қолган ҳаммаси соғ.