Мадримов Турки Ол Аш-Шайхга мурожаат қилиб, Кроуфорд билан жангни кўрсатди
- 22-сентябр, 06:37
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Бокс
Биринчи ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган WBA камарининг собиқ эгаси, ўзбекистонлик боксчи Исроил Мадримов америкалик супер юлдуз Теренс Кроуфорд билан бўлган жангидан энг ёрқин лавҳаларни намойиш этди.
Мадримов ўзининг Instagram саҳифасида Кроуфордга қарши жангидан тайёрланган хайлайт-видеони жойлаштирди.
«Қани кетдик, олдимда ҳали жуда кўп ишлар бор, иншааллоҳ», — деб ёзди ўзбекистонлик боксчи. У ушбу постда Саудия Арабистони Бош кўнгилочар тадбирлар бошқармаси раҳбари Турки Ол Аш-Шайхни ҳам белгилаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Мадримов ва Кроуфорд 2024 йил 3 август куни АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида рингга кўтарилишган эди. Жангда ўзбекистонлик боксчига тегишли биринчи ўрта вазн бўйича WBA чемпиони камари, шунингдек, WBOнинг вақтинчалик чемпиони унвони ҳам қўйилганди. Ҳақиқий тўқнашувга айланган ушбу баҳсда америкалик боксчи ҳакамлар якдил қарори билан ғалаба қозонди ва Мадримовнинг профессионал рингдаги илк мағлубиятига сабаб бўлди.
Теренс Кроуфорд 2025 йил 17 декабрь куни, 38 ёшида, профессионал фаолиятини расман якунлаганини эълон қилди. У рингни бирор марта мағлубиятга учрамаган ҳолда, вазн тоифасидан қатъи назар энг кучли боксчилар баҳоланадиган pound-for-pound рейтинги етакчиси сифатида тарк этди.
Кроуфорднинг охирги жанги шу йилнинг 13 сентябрь куни бўлиб ўтган эди. Унда америкалик боксчи ҳакамлар якдил қарори билан мексикалик супер юлдуз Сауль «Канело» Альваресни мағлуб этди. Бу ғалаба унга иккинчи ўрта вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони унвонини олиб келди. Шу тариқа Кроуфорд бокс тарихида илк марта учта турли вазн тоифасида тўртта асосий ташкилот — WBA, WBC, IBF ва WBO камарларини тўлиқ жамлаган ягона эркак боксчига айланди.