Каннаваро Италиянинг машҳур нашрига ўзбек футболидаги янги вундеркинд ҳақида гапириб берди
- 11-октябр, 05:26
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро миллий жамоа билан ишлашдан мамнун эканини ва унинг қўл остида жамоа қандай ривожланаётганини сўзлаб берди. Италиянинг La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида у мураббийлик фаолиятидаги энг ёқимли даврлардан бирини бошдан кечираётганини айтди.
- Ҳозир ҳаётимдаги ажойиб даврлардан бирини бошдан кечиряпман. Ишимдан катта завқ оляпман. Ўзбекистонда биз танлаган йўлимиздан мамнунмиз. Маълум бир жараённи бошладик, жамоа таркибини сезиларли даражада ёшартирдик ва аллақачон яхши натижаларга эришяпмиз, - деди Фабио Каннаваро.
2006 йилги жаҳон чемпионининг таъкидлашича, уни фақат натижалар эмас, балки терма жамоанинг майдондаги ўйини ҳам қониқтирмоқда.
- Биз бир қатор учрашувларда ишончли ғалабаларга эришдик. Аммо мағлубиятга учраганимизда ҳам, хусусан, Жанубий Кореяга қарши ўйиндан кейин, майдонни қониқиш билан тарк этдик. Чунки жамоамизнинг ўйинидан мамнун эдик, - деди мураббий.
Каннаваро жаҳон чемпионати Ўзбекистон терма жамоасининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этганини ҳам таъкидлади.
- Жаҳон чемпионатида катта иштиёқ билан иштирок этдик. Бу мусобақа биз учун гўё университетдаги маърузалардек бўлди – жуда кўп нарсани ўргандик. Натижалар қандай бўлишидан қатъи назар, мусобақадан анча кучайган ҳолда қайтдик. Шахсан мен учун эса бу унутилмас ой бўлди, ҳаётимдаги энг гўзал даврлардан бири сифатида ёдимда қолади, - деди италиялик мутахассис.
Каннаваро жамоа таркибини ёшартиришга алоҳида эътибор қаратаётганини ҳам қайд этди. Унинг қўл остида 17 ёшга тўлмаган футболчи Ўзбекистон терма жамоасида дебют қилди. Гап Муҳаммад Ҳакимов ҳақида бормоқда: у илк ўйинидан уч кун ўтиб 17 ёшга тўлган.
- Биз ҳали вояга етмаган футболчига терма жамоада дебют қилиш имконини бердик. У ўйиндан уч кун кейин 17 ёшга тўлди. Бундай ҳолатдан қандай қилиб мамнун бўлмаслик мумкин?, - деди Фабио Каннаваро.
Ўзбекистон терма жамоасини олдинда яна бир муҳим мусобақа – Осиё кубоги кутиб турибди.
- Бизни Осиё кубоги кутмоқда. Гуруҳимиз осон эмас, аммо биз сўнгги вақтда тўплаган тажрибамизнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда мусобақага тайёргарлик кўряпмиз. Футбол федерацияси ҳам биргаликда амалга ошираётган ишларимиздан мамнун, - дея қўшимча қилди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи.
Эслатиб ўтамиз, Осиё Кубоги–2027 мусобақаси Саудия Арабистонида 7 январдан 5 февралгача бўлиб ўтади. Ўзбекистон терма жамоаси "B" гуруҳида Баҳрайн, КХДР ва Иордания терма жамоаларига қарши майдонга тушади.