Жавоҳир Синдаров катта ўзгаришлар ҳақида айтиб берди
- 4-октябр, 11:32
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Шахмат
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров Самарқандда ўтказилган 2026 йилги Шахмат олимпиадасидаги ғалабадан сўнг мамлакатда шахмат ривожи ва миллий жамоага кўрсатилаётган эътибор ҳақида фикр билдирди.
ФИДЕ томонидан эълон қилинган видеолавҳада Синдаров Ўзбекистон терма жамоасининг ютуқларида давлат кўмаги ва мухлислар қўллаб-қувватлаши ҳал қилувчи омил бўлганини таъкидлади.
«Биз 2022 йилда Олимпиада чемпиони бўлганимиздан кейин, юртимизда шахматга муносабат тубдан ўзгарди. Шахмат жуда оммавий спорт турига айланди. Ҳукуматимиз ва Президентимиз ҳам шахматга катта эътибор қаратяпти, жуда катта ёрдам бермоқда.
Айта оламанки, агар бошқа бирор мамлакатда ҳам Ўзбекистондаги каби қўллаб-қувватлаш бўлганида, у ерда ҳам кўплаб Нодирбеклар, менга ўхшаган кўплаб шахматчилар етишиб чиқарди. Энг асосийси шуки, давлат томонидан бизнинг фаолиятимизга жуда кучли ва самарали ёрдам бериляпти.
Мана бу мухлисларни кўряпсиз: улар ҳар куни бизга руҳий куч бериб туришади. Бу юртимизда одамлар шахматни қай даражада севишини кўрсатади. Ўзбек эканимдан ва Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётганимдан жуда фахрланаман», — деди Синдаров.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги Шахмат олимпиадасининг очиқ турнирида ғолибликни қўлга киритди. Бу жамоамиз учун мусобақа тарихидаги иккинчи олтин медал бўлиб, илк марта 2022 йил Ченнайдаги триумфда қўлга киритилган эди.