Иқтидорли вундеркинд Англияни эмас, Португалия терма жамоасини танлади
- Бугун, 10:12
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Жорий мавсум аутсайдери “Вулверхэмптон” ҳужумчиси Матеуш Мане халқаро фаолиятини Португалия терма жамоаси билан боғлашга қарор қилди.
“Вулверхэмптон” бу мавсумни жуда омадсиз ўтказмоқда ва аллақачон Премьер-лигадан тушиб кетишига кўниккан, аммо Маненинг ўйини “бўрилар” учун кам сонли ёқимли жиҳатлардан бири бўлиб қолмоқда.
18 ёшли Мане Премьер-лигада 20 ўйинда 2 та гол урди ва 1 та голли узатма берди ҳамда, хабарларга кўра, ўз ўйини билан Англиянинг йирик клублари эътиборини тортган.
Аммо Мане учун трансфер кураши ҳали олдинда бўлса-да, қайси терма жамоа шарафини ҳимоя қилиши масаласи аллақачон ҳал бўлган.
Мане Португалияда туғилган, аммо 8 ёшидан бери Англияда яшайди ва у халқаро майдонда U-18 даражасида Англия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган.
Бироқ сўнгги халқаро танаффусда Матеуш илк бор Португалия U-21 ёшлар терма жамоасига чақирилди ва бу бежиз эмас.
Мане Португалия сафида Озарбайжон ва Шотландия ёшлар жамоаларига қарши ўйнади, унинг кейинги мақсади эса катталар терма жамоасига йўл олишдир.
Журналист Бен Жейкобс маълум қилишича, Мане бир неча ой давомида Португалия футбол федерацияси билан музокаралар олиб борган ва якунда халқаро майдонда Португалия шарафини ҳимоя қилишга рози бўлган.