Илҳом Мўминжонов: "Биз учун ҳар бир баҳс финалдек ўтяпти"
- Бугун, 00:07
- Shuhratbek Jo’rayev
- 0
- Футбол
Про лиганинг 4-тури доирасида "Металлург" – "БухДУ" учрашуви бўлиб ўтди. Унда мезбонлар рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва 3:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритдилар.
Ўйиндан кейин клуб матбуот хизмати бекободликлар бош мураббийи матбуот анжуманида иштирок этганини маълум қилди.
“Чиройли ғалабага эришдик. Бу билан жамоамиз аъзоларини ва бекободликларни табриклайман. Футболчиларимизнинг ўйини турдан-турга очилиб боряпти. Бугун биз мураббийлар хоҳлаган футболни намойиш этиб, чиройли ғалабага эришдик.
Ҳозир про лигада ҳам худди Суперлига каби "boxing day" кетяпти. Тез-тез майдонга тушяпмиз. Футболчиларга дам бериш мақсадида иккинчи бўлимда футболчиларни захирага олдик, чунки кейинги баҳсни сафарда "Пахтакор фарм"га қарши ўтказамиз. У ҳам муҳим ўйин бўлади.
Танаффусда йигитларга тўпни назорат қилиш кераклигини айтдим. Ҳисоб 2:0 дан кейин хотиржамликка берилдик ва ҳужум чизиғимизда тезлик йўқолди.
"Шўртан", "Каттақўрғон" қатори "Арал" билан "Мобиуз" олдига ҳам аниқ вазифа қўйилганидан хабардормиз. Биз учун ҳар бир баҳс финалдек ўтяпти. Айни дамда бор эътиборимиз "Пахтакор фарм"га қаратилган.
Ўйиндан кейин клубимиз президенти кийим алмаштириш хонасига кириб ғалаба билан табрикладилар ва футболчиларга мотивация бердилар. Клубимиз раҳбарининг бундай қўллаб-қувватлаши жамоага катта руҳият беради. Бундан биз мураббийлар ҳам, жамоамиз аъзолари ҳам ниҳоятда хурсанд”.