Ҳусанов билан бирга ўсган, Аргентинага гол урган ўзбек футболчиси – энди легионер!
- 3-сентябр, 22:09
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Россия Премьер-лигасида иштирок этиб келаётган Махачқалъанинг “Динамо” клуби таркибини кучайтириш мақсадида “Андижон” клубининг 23 ёшли футболчиси Маҳмуд Маҳамаджоновни трансфер қилди.
“Андижон” клуби Маҳамаджонов трансфери учун 250 минг доллар олганини маълум қилди. Бироқ келишув якунланишидан олдин Россия манбалари бошқа сумма ҳақида хабар берганди. Жумладан, Sport24 маълумотига кўра, трансфер қиймати 500 минг еврони ташкил қилган. Шунингдек, футболчи тиббий кўрикдан ўтгани ва уч йиллик шартнома шартларини келишиб олгани айтилган.
Нуфузли манба – transfermarkt.world порталида эса, бадал пули миқдори 215 минг евро бўлгани кўрсатилган. Бу сумма клубнинг расмий равишда билдирган суммасига яқин экани учун асос сифатида қабул қилиш мақсадга мувофиқ.
Маҳамаджонов “Андижон” сафида атиги етти ой тўп сурди. Аммо шу қисқа вақт ичида у Суперлигада 19 та, Ўзбекистон кубогида эса 3 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та голли узатмани амалга оширди.
Бироқ бу трансфер кутилмаганда пайдо бўлган эмас.
“Андижон” катта мураббийи Сергей Арсланов Eurasia Football нашрига берган интервьюсида Махачқала клуби ҳимоячини анча вақтдан бери кузатиб келганини айтган. Балки бу қизиқиш Маҳамаджонов Туркиядаги мавсумолди йиғинларида “Динамо” дарвозасига гол урганидан кейин бошлангандир.
Маҳамаджоновнинг ўзи учун ҳам хорижга кетиш кутилмаган бурилиш бўлмаган. Февраль ойида, “Андижон” билан шартнома имзолаганидан кўп ўтмай, клуб матбуот хизматига берган интервьюсида у ўзининг асосий мақсадлари сифатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида мустаҳкам ўрин эгаллаш ва легионер бўлишни таъкидлаган эди.
Орадан етти ой ҳам ўтмай, мақсадларидан бири амалга ошди. Ўзбекистон терма жамоаси нуқтаи назаридан эса хориж чемпионатига кўчиш футболчининг Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоага чақирилиш имкониятини ҳам сезиларли даражада оширади.
Маҳамаджоновнинг кучи нимада?
“Андижон” клуби катта мураббийи Сергей Арсланов Маҳмуд Маҳамаджоновнинг устун жиҳатларини қуйидагича таърифлаган эди.
- Бу футболчининг бутун чап қанотни ёпа олади. чап оёғи жуда яхши. Аутларни яхши ташлайди, узоқ масофага аут ташлаш қобилияти бор. Ҳимоячи учун энг муҳим жиҳатлардан бири унинг тезлиги ва ҳаракатчанлиги. Тезликка асосланган дриблинги бор, ўйинни ўз зиммасига олиб, рақибни алдаб ўта олади. Ўйлайманки, Россияда у ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қила олади, - деди тажрибали мураббий.
2023 йилда Sports.ru сайтидаги A2M скаутлик лойиҳаси ўша пайтда 20 ёшда бўлган Маҳамаджоновни Россия ва Европа клубларида қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган ўзбек футболчилари қаторига киритган.
Скаутлар ўшанда унинг тезлиги, чидамлилиги, техникаси ва ҳужумларга фаол қўшилишини алоҳида қайд этган.
Самарқанднинг “Динамо” клубида Маҳмудни ўйнатган таниқли мураббий Вадим Абрамов Маҳамаджоновнинг асосий кучли жиҳатлари сифатида тўп билан ишлаш ва ҳужумларга қўшилиши, гол ура олиш, зарба бериш, жамоавий ўйин, катта ҳажмдаги ишларни бажара олиш қобилияти ва жисмоний ҳолати яхши эканини эътироф этган.
Абрамов ёш ўйинчининг камчилиги сифатида ҳаддан ташқари ўйинга берилиб кетиши ва олдинга чиқиб кетган айрим паллаларда ортга қайтишга улгурмай қолишини тилга олиб, бу камчиликларни бартараф этишни маслаҳат берган.
Халқаро тажриба
Маҳамаджоновнинг Россия клубига ўтгани иқтидорли футболчи учун хориждаги биринчи чемпионат ва юқори даражадаги футболдаги илк доимий тажриба. Асосий савол – унинг тезлиги ва жасорати жисмонан кучлироқ ҳамда тактик жиҳатдан яхшироқ ташкил этилган рақибларга қарши ҳам самарали бўлиб қоладими?
Шу билан бирга, унинг халқаро футбол тажрибаси ҳам бор.
“Пахтакор” таркибида ҳимоячи Осиё Элит Чемпионлар лигасида майдонга тушган. Жумладан, Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубига қарши баҳсларда ҳам иштирок этган. Маҳамаджонов Осиё қитъасининг энг нуфузли турнирида жами олтита ўйин ўтказган.
Бундан ташқари, Маҳамаджонов турли ёш тоифасидаги терма жамоаларда ҳам халқаро тажриба тўплагани аҳамиятли. У 2003-2004 йилларда туғилган футболчилардан ташкил топган ўзбек футболчилари авлоди вакилидир.
2023 йилда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 терма жамоаси Осиё кубогида ғолиб чиқди. Кейин эса Аргентинада ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этди.
Бугун ўша жамоа таркибига назар ташласак, ёш ўзбек футболчиларининг мақоми қанчалик тез ўзгарганини кўриш мумкин.
Жаҳон чемпионатининг биринчи учрашувида, мусобақа мезбони Аргентинага қарши баҳсда бир вақтнинг ўзида Абдуқодир Ҳусанов, Жаҳонгир Ўрозов ва Маҳмуд Маҳамаджонов асосий таркибда майдонга тушган.
Ярим ҳимояда Аббосбек Файзуллаев ва Умарали Раҳмоналиев ҳаракат қилган.
Айнан Маҳамаджонов 23-дақиқада ҳисобни очган. Бироқ Аргентина кейинчалик вазиятни ўзгартириб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
Ўйиндан кейин Равшан Ҳайдаров Ўзбекистон жамоаси жаҳон футболидаги етакчи давлатлардан бирига қарши тенгма-тенг ўйнаганини, айрим эпизодларда ҳатто яккама-якка курашларда устунлик қилганини айтган.
Кейинги манзил – топ-лигалар бўлсин!
Орадан бир неча йил ўтиб, ўша чемпион жамоанинг асосий футболчилари хорижга чиқди. Улар орасида Россия Премьер-лигасида ўйнаётганлар ҳам бор.
Ҳусанов Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клуби ва Франциянинг “Ланс” жамоаси орқали “Манчестер Сити”га етиб борди. 2026 йилда у Англия клуби билан 2031 йилгача мўлжалланган янги шартнома ҳам имзолади.
Файзуллаев 2023 йилда ЦСКАга кўчиб ўтди, кейин эса Туркиянинг “Башакшеҳир” клубига трансфер қилинди. ЦСКА спорт директори Андрей Мовсесьян кейинчалик футболчини олишга Осиё кубоги ва U-20 жаҳон чемпионатидаги ўйинлари якуний қарор қабул қилишда катта таъсир кўрсатганини айтган.
Раҳмоналиев эса аввалроқ “Рубин” таркибига ўтган ва ҳозир фаолиятини Озарбайжоннинг “Сабах” клубида давом эттирган. Бокуликлар билан мамлакат чемпиони бўлган Умарали бу мавсум Чемпионлар лигаси умумий гуруҳида ўйнайдиган бўлди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Франция клубларидан “Ланс” Раҳмоналиевни, “Страсбур” Файзуллаевни кузатув остига олган ва трансфер имкониятларини баҳолаяпти.
Энди ўша жамоанинг яна икки ҳимоячиси – Жаҳонгир Ўрозов ва Маҳмуд Маҳамаджонов Россия Премьер-лигасида мос равишда “Рубин” ва “Динамо Махачқалъа” клубларидан қўним топди.
Таъкидлаш жоизки, ўзбек футболи вакилларидан ҳали ҳеч ким тўғридан тўғри Европанинг “топ-5” лигаларига йўлланма олмаган. Хусусан, Элдор Шомуродов Италияга Россия орқали, Абдуқодир Ҳусанов Франция ва Англияга Беларусь чемпионатидан йўл олгани маълум. Шу маънода, Россия, Туркия, Швейцария, Озарбайжон каби чемпионатларда маҳорнат ошираётган футболчиларимиз учун ҳам уларнинг ҳозирги жамоалари топ-лигаларга ўтишида ўзига хос трамплин вазифасини ўтайди.
Гол урган Шомуродов ва пенальти ишлаган Файзуллаев ўйини қандай баҳоланди?
Қаторасига тўртинчиси! Шомуродов чемпионга ҳам гол урди
Ҳусанов борми? Мареска Чемпионлар лигаси рўйхатига айрим юлдузларни киритмади
Ўта қийин ғалабали учрашувда Каримовнинг ўйини қандай баҳоланди?
Шомуродовдан чемпион "Галатасарой"га гол уришини талаб қилишяпти
Нега фарқ ўта катта? Ҳусанов ва Сатпаев маошини солиштиришди
Рақиб мураббийи Шомуродов ҳақида қаттиқ гапирди!
Ўзбек футболчиси нега Россияни тарк этди?
Ҳусанов жуда юқори балл олди
Жойи ўзгарган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?
Ҳусанов қозоқ клуби бош мураббийига мурожаат қилди