Ғиждувонда белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон кубоги беллашувлари ўтказилди

Ғиждувонда белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон кубоги беллашувлари ўтказилди

Жорий йилнинг 14-17 октябрь кунлари Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани спорт мажмуасида белбоғли кураш бўйича кичик ўсмирлар (U15, ўғил ва қиз болалар) ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси ўтказилди.

Мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 400 нафарга спортчилар ғолиблик учун кураш олиб боришди. Беллашувларнинг биринчи куни ўғил болалар белбоғли курашнинг классик йўналиши бўйича 14 та вазн тоифасида куч синашган бўлса, 16 - 17 октябрь кунлари ўғил болалар ва қизлар белбоғли курашнинг эркин йўналишида ўзаро беллашишди. Муросасиз ўтган мусобақада умумжамоа ҳисобида энг кўп медаллар билан Бухоро вилояти жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Медаллар жамғариш бўйича иккинчи ўрин Фарғона вилояти жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Андижон вилояти терма жамоаси эгаллади. Шунингдек, мусобақанинг биринчи кунида тантанали очилиш маросими ҳам ташкил этилди. Юқори савияда ўтган мазкур очилиш маросимида Ғиждувон тумани ҳокими Фарҳод Умаров, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Ўзбекистон "Адолат" СДП Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов, белбоғли кураш федерацияси Бухоро вилояти бўлими бошлиғи Соҳибжон Қосимов ва бошқалар иштирок этди.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, медал ва эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ