Футбол бўйича жаҳон чемпионининг жағини синдиришди
- 18-октябр, 19:30
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
«Челси» дарвозабони Эмилиано Мартинес Англия Премьер-лигаси 7-турида «Эвертон»га қарши ўйинда (2:0) жағидан оғир жароҳат олди.
Ҳодиса иккинчи бўлим ўрталарда рўй берди. 75-дақиқа атрофида Мартинес баланд узатилган тўпга чиққанида «Эвертон» ҳимоячиси Жарред Брантуэйт билан қаттиқ тўқнашиб кетди. Ушбу вазият видеоязувини қуйида томоша қилиш мумкин.
Аргентина терма жамоаси посбонига майдоннинг ўзида бир неча дақиқа давомида тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан сўнг у махсус носилкада майдондан олиб чиқиб кетилди. Мартинес ўрнига захирадан 21 ёшли бельгиялик дарвозабон Майк Пендерс майдонга туширилди.
Дастлабки тиббий хулосаларга кўра, Мартинес жағининг синиши сабаб камида бир ойдан ортиқ вақтга майдонга туша олмайди. Жорий мавсумда у «Челси» сафида олти ўйин ўтказиб, шулардан бирини гол ўтказмасдан якунлаган, қолган учрашувларда эса дарвозасидан 11 та тўп ўтказиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, Эмилиано Мартинес 2022 йилги жаҳон чемпиони ва ўша мундиалнинг энг яхши дарвозабони сифатида тан олинган. Шунингдек, у икки карра «Яшин соврини» соҳибидир.