ФИФА Ўзбекистондаги жаҳон чемпионати бўйича муҳим янгиликни эълон қилди
- 17-октябр, 05:46
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) 2027 йилда Озарбайжон ва Ўзбекистонда ўтадиган U-20 жаҳон чемпионатининг расмий брендини тақдим этди, деб хабар бермоқда ФИФА матбуот хизмати.
Маълумотга кўра, 2027 йилги U-20 жаҳон чемпионати учун махсус ишлаб чиқилган бренд икки мезбон мамлакат — Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг ўзига хослиги ва ёш мухлислар кайфиятини уйғунлаштиришга қаратилган.
Турнир шиори — «U Shape The Game» («Сен ўйинни шакллантирасан»). У ёш футболчилар ва мухлисларнинг келажак футболидаги ўрни ва таъсирини алоҳида таъкидлаш учун танланган.
ФИФАга кўра, «U Shape The Game» шиори тўғридан-тўғри ўйинчилар ва мухлисларга мурожаат қилади. U-20 жаҳон чемпионати ёшлар учун ўзини намоён этиш, янги дўстлар орттириш ва футбол тараққиётига ҳисса қўшиш имкониятини берувчи майдон сифатида кўрилмоқда.
- Турнирнинг визуал концепцияси Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг бой маданий меросидан илҳомланган. Асосий ғоя сифатида маҳаллий анъанавий плитка ва мозаика нақшлари олинган, улар замонавий услубда қайта талқин қилинган. Янги авлод мухлисларига манзур бўлиши учун замонавий нақшлар, ранглар ва градиентлар қўлланилган.
Расмий эмблема марказида ифодали «U» ҳарфи жой олган. У ёш футболчилар салоҳияти ва уларнинг ўйин келажагини белгилаш қобилиятини англатади. Шу ҳарф асосида турнирнинг умумий дизайн ечимларида қўлланадиган динамик нақш ҳам яратилган.
Ранглар палитраси ёрқин тусларга бой: бирюза, яшил, сиёҳранг (фиолет) ва қизил ранглар турли жилолар билан уйғунлаштирилган. Бу ранглар орқали икки мезбон мамлакат ягона мусобақа бренди доирасида бирлаштирилгани қайд этилган, — дейилади ФИФА маълумотида.
ФИФА шафеълигида 25-маротаба ташкил этилаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати тарихда илк марта икки давлат — Озарбайжон ва Ўзбекистон томонидан биргаликда қабул қилинади.
Мусобақада 24 та миллий терма жамоа иштирок этиши режалаштирилган. Турнир биринчи ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўтказилганига 50 йил тўлишига бағишланади. Аниқ саналар ҳали ФИФА томонидан тасдиқланмаган, аммо амалдаги тажрибага кўра, мусобақа 2027 йилнинг май–июнь ойларида ўтказилиши кутилмоқда.
Ўзбек легионерлари Европа кубокларида қандай ўйнади?
УЕФА Ҳусанов жамоасига жиддий жазо қўллаши кутиляпти
Россиялик 17 ёшли гигант дарвозабон Ўзбекистон терма жамоасига ўтмоқчи!