ФИФА мундиалда Ўзбекистонга қарши ўйнаган терма жамоага ён босгани ошкор бўлди
- 7-октябр, 06:07
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
ФИФА Конго Демократик Республикаси терма жамоаси дарвозабони Лионель Мпаси-Нзони жаҳон чемпионати саралаш учрашувларида қонунга хилоф равишда иштирок этишига йўл қўйган. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Манба маълумотига кўра, Францияда туғилган ва Лига 1да «Гавр» сафида ўйнайдиган Мпаси-Нзо Франция ёшлар лигаларидаги иштирокидан кейин спорт фуқаролигини ўзгартириш учун зарур ҳужжатларга эга бўлмаган ва тегишли жараёнларни якунламаган.
Манбаларга кўра, ушбу ҳолат Ямайка терма жамоасига қарши ўтказилган қитъалараро плей-офф финал баҳсида ҳам қайд этилган. Ўйинчи спорт фуқаролигини ўзгартиришга оид ҳужжатларда ноаниқликлар бўлгани учун Конго терма жамоаси сафида майдонга тушиш ҳуқуқига эга бўлмаган.
Бу ҳолат ички ҳужжатлар билан тасдиқланган, бироқ хабарларга кўра, ФИФА ҳеч қандай чора кўрмаган.
Маълумотларга кўра, ФИФА юристлари Конго Демократик Республикаси терма жамоаси ўйинларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмаган футболчини таркибга қўшганидан хабардор бўлган. Шунга қарамай, ташкилот санкция қўлламаган. Одатда бундай қоидабузарлик футболчи иштирок этган учрашувда техник мағлубият қайд этилишига олиб келади.
Хабар қилинишича, ФИФА Лионель Мпаси-Нзонинг дисквалификацияси масаласи анча аввал – Нигерия терма жамоаси шикоятидан сўнг текширув бошлаган. Нигерия Конго Демократик Республикасидан мағлуб бўлганидан кейин шикоят қилган ва айнан шу ғалаба конголикларга жаҳон чемпионати саралаш босқичида ўринни кафолатлаган.
Бу маълумотларга жавобан ФИФА Нигериянинг даъвосини процессуал қоидабузарлик сабаб рад этганини билдирди.
Ташкилот, шунингдек, унинг қўмиталари «автоном ҳисобланиши ва ишларни амалдаги қоидалар ҳамда уларга тақдим этилган аниқ фактлар асосида кўриб чиқиши»ни таъкидлади. ФИФА Жанни Инфантино қарор қабул қилиш жараёнига аралашгани ҳақидаги маълумотларни ҳам рад этди.
Хуллас, қитъалараро плей-офф финалида конголиклар Ямайка терма жамоасини қўшимча дақиқаларда 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва жаҳон чемпионатига йўл олди. Мундиалда эса Конго гуруҳ босқичининг учинчи турида Ўзбекистон миллий терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўша баҳсда Конго дарвозасини айнан Лионель Мпаси-Нзони қўриқлади ва Элдор Шомуродовдан супергол ўтказди.
Бу ғалаба эвазига гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб, плей-оффга йўл олди. 1/16 финалда жамоа Англия терма жамоасига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.
Каннаваро Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядан мағлубиятидан сўнг баёнот берди