Европа клубларига ўтишни Шомуродов ёки Ҳусановдан ўрганинг!
- 9-октябр, 07:06
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Марказий Осиё футболчилари секин-аста Европа чемпионатларига йўл олмоқда. Россиялик журналист Алексей Яковенко бу минтақа футболчиларининг топ-лигаларига ўтишида Элдор Шомуродовнинг тажрибасини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатди.
- 2026 йилнинг ёзида Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этди. Жамоа сардори Элдор Шомуродовнинг Конго Демократик Республикаси терма жамоаси дарвозасига урган голи мухлислар томонидан турнир гуруҳ босқичининг энг яхши голи, деб топилди. ФИФА бу зарбани жаҳон чемпионатидаги энг чиройли иккита голдан бири сифатида эътироф этди.
Бундан қарийб 10 йил аввал Шомуродов 22 ёшида ҳужумчи сифатида Ростов шаҳрига келганида, Россиядаги футбол жамоатчилиги уни Ўзбекистон чемпионати баённомаларидаги қайдлар орқалигина танирди. Ўшанда “Ростов” таваккал қилди ва бу қарор ўзини бир неча карра оқлади.
Марказий Осиёнинг айрим футболчилари учун Россия клублари кўтарилиш учун трамплин вазифасини бажарди: аввал Россия Премьер-лигасида ўз ўрнини топиш, кейин эса Европа чемпионатларидан бири, масалан, Италия ёки Туркияга йўл олиш.
Элдор Шомуродов Россияга 2017 йил ёзида Тошкентнинг “Бунёдкор” клубидан келганди. “Ростов” сафида барча мусобақаларда 91 та учрашув ўтказиб, 18 та гол урди. “Ростов”даги сўнгги тўлиқ мавсуми — 2019/2020 йилларда жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиб, 11 та гол урди.
2020 йилнинг кузида Италиянинг энг қадимий жамоаси “Женоа” Шомуродовни харид қилди. ОАВ маълумотларига кўра, трансфер қиймати бонуслар билан бирга тахминан 8 миллион еврони ташкил этган. Ўша хабарларда "Ростов" футболчининг кейинги трансферидан тушадиган маблағнинг 15 фоизини олиш ҳуқуқини сақлаб қолгани ҳам айтилган.
Бир йилдан кейин “Рома” ўзбекистонлик ҳужумчини 17,5 миллион евро ва бонуслар эвазига сотиб олди. Римда унинг фаолияти оғир кечди: Шомуродов “Специя” ва “Кальяри” клубларида ижара асосида ўйнади. Аммо Туркияда у яна гол ура бошлади ва “Истанбул Башакшеҳир” футболчининг трансфер ҳуқуқларини сотиб олди.
Ўзбекистонлик машҳур ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг фаолияти кучли Европа чемпионатига бошқа йўл билан ҳам чиқиш мумкинлигини кўрсатди. У Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби тизимидан Россияга эмас, Беларусга – Минскнинг “Энергетик-БГУ” клубига ўтди. Бир ярим йилдан кейин Франциянинг “Ланс” жамоасига йўл олди. 2025 йил январь ойида эса “Манчестер Сити” унинг трансфери учун 40 миллион евро тўлади.
Россия ва Беларусь йўналишлари ўртасида мусобақаларда иштирок этиш имконияти борасида ҳам фарқ бор: Беларусь клублари Европа кубокларида қатнашиш имкониятини сақлаб қолган, Россия клублари эса улардан четлатилган.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россия ва Беларусдан тортиб Италия ҳамда Англиягача бўлган хорижий чемпионатларда тажриба орттирган футболчилар авлоди билан жаҳон чемпионатига йўл олди, - деб ёзди kaliningradnews.ru сайти журналисти Алексей Яковенко.
Таъкидлаш жоизки, бу орада ўзбек футболининг янги авлоди вакиллари ҳам бирин-кетин хориж лигаларига йўл ола бошлади. Умарали Раҳмоналиев Озарбайжон чемпиони “Сабах” таркибида Европа Чемпионлар лигасида порламоқда. Мундиалдан кейин Беҳруз Каримов Швейцариянинг “Лугано” клубига, Жаҳонгир Ўрозов Россиянинг “Рубин” клубига ўтди. Россия чемпионатида қатнашаётган “Динамо Маҳачқальа” Маҳмуджон Маҳамаджоновни ўз сафига қўшиб олди. Яқиндагина ЦСКА кашфиёти бўлган Аббосбек Файзуллаев эса, бугун Туркия чемпионатида Элдор Шомуродов билан ёнма-ён ўйнамоқда.
Ҳусанов кутилмаган хушхабар олди!
“Андижон” футболчиси Европадан машҳур клуб танлади!
“Трансфер бомбаси”: Европанинг 100 йиллик клуби нега ўзбек футболчисини олди?