"Challenge Samarkand-2026": 1450 нафардан зиёд атлетлар иштикрок этган мусобақа қизғин тарзда ўтди
- 14-сентябр, 16:37
- Oybek Yo’ldoshev
- 0
- Шахмат
Самарқандда 12–13 сентябрь кунлари “Challenge Samarkand-2026” халқаро триатлон мусобақаси бўлиб ўтди. Нуфузли мусобақада дунёнинг 40 та давлатидан 1450 нафардан зиёд атлет иштирок этди.
Самарқанд яна бир бор халқаро спорт тадбирига мезбонлик қилди. Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуаси ҳудудида ташкил этилган “Challenge Samarkand-2026” мусобақаси триатлон ишқибозлари ва профессионал спортчиларни бир майдонга жамлади. Мусобақа Ўзбекистонда триатлон спортини оммалаштириш, маҳаллий спортчиларнинг халқаро тажрибасини ошириш нуқтайи назаридан ҳам аҳамиятли бўлди.
Турнир дастуридан бир нечта йўналишлар, жумладан, ўрта масофадаги триатлон, спринт, эстафета, аёллар югуриши ва болалар учун югуриш баҳслари ўрин олди.
Асосий стартда профессионал спортчилар 1,9 километр сузиш, 88 километр велосипед пойгаси ва 21,5 километр югуриш босқичларини босиб ўтишди.
Эркаклар ўртасида франциялик Сэм Лейдлоу 3 соат 34 дақиқа 57 сония натижа билан ғолибликни қўлга киритди. Даниялик Эмиль Хольм иккинчи, Буюк Британия вакили Уилл Дрейпер эса учинчи ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик профессионал триатлончи Камрон Хўжаев мусобақани 13-ўринда якунлади.
Аёллар баҳсида австралиялик Натали ван Куворден 3:58:41 натижа билан биринчи бўлди. Буюк Британия вакили Дэйзи Дэвис иккинчи, испаниялик Сара Перес Сала эса учинчи ўринни эгаллади.
Асадбек Абдулазизов ҳам триатлонда ўзини синаб кўрди. Мусобақанинг эътиборга молик жиҳатларидан бири — ўзбекистонлик ёш спортсевар Асадбек Абдулазизовнинг ҳам ушбу стартда иштирок этгани бўлди.
901-рақам билан стартга чиққан Абдулазизов белгиланган масофани 1 соат 15 дақиқа 27 сонияда босиб ўтиб, мусобақани муваффақиятли якунлади.
Асадбек Абдулазизов спортда фақат бир йўналиш билан чекланиб қолмаётган ёшлардан бири сифатида ажралиб туради. У шахматдаги иштироки билан ҳам ўзбекистонлик спорт мухлисларига таниш. Хусусан, у халқаро шахмат мусобақаларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Бу сафар эса у ўзини бутунлай бошқа йўналишда — чидамлилик, жисмоний тайёргарлик ва ирода талаб қиладиган триатлонда синаб кўрди.
Триатлоннинг ўзига хос жиҳати шундаки, спортчи кетма-кет сузиш, велосипед ва югуриш босқичларини енгиб ўтиши керак. Шу боис бу спорт тури нафақат жисмоний тайёргарлик, балки юқори даражадаги сабр-тоқат ва руҳий барқарорликни ҳам талаб қилади.
Асадбекнинг “Challenge Samarkand-2026”да иштирок этгани унинг спортга бўлган қизиқиши ва ўз имкониятларини турли йўналишларда синаб кўраётганини кўрсатади.
“Challenge Samarkand-2026” шу тариқа Самарқандда нафақат профессионал триатлончилар, балки турли ёш ва даражадаги спортсеварлар учун ҳам катта спорт байрамига айланди. Мусобақада 40 давлатдан 1450 нафардан зиёд атлетнинг иштирок этгани Самарқанднинг халқаро спорт тадбирларини қабул қилиш салоҳияти тобора ошиб бораётганини яна бир бор намоён қилди.