Артета: Сен ҳар бир ўйинда 2-3 та гол уришинг керак
- 17-октябр, 11:51
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
«Арсенал» бош мураббийи Микель Артета жамоа вингери Букайо Сака ўз ўйинини янги босқичга олиб чиқиши учун ҳар бир учрашувда икки ёки учта гол уришга интилиши кераклигини айтди.
25 ёшли Сака ўтган дам олиш кунлари «Лидс»га қарши ўйиндаги ҳаракатлари учун танқидга учради. Шунга қарамай, у жорий мавсумда Англия Премьер-лигасида учта гол уриб, «Арсенал»нинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди.
Сака учун энг сермаҳсул мавсум 2023/24 йилги мавсум бўлган. У ўшанда барча мусобақаларда 20 та гол урган, шундан 16 тасини Премьер-лигада киритган.
Артетадан Сака яна 20 та гол уришни мақсад қилиши керакми, деб сўрашди. Мураббий эса футболчи олдига бундан ҳам каттароқ мақсад қўйиши лозимлигини таъкидлади.
«Йўқ, менимча, у ҳар бир ўйинда икки-учта гол уришга интилиши керак. Бундай фикрлаш тарзи зарур. Агар охирида битта гол урса ҳам, майли. Иккита гол урса ҳам, майли. Чунки у турли усулларда гол уриш қобилиятига эга.
Менимча, бу барча ҳужумкор футболчиларга тегишли. Сен доимо ўз олдингга қўйган мақсад сари интилишинг керак. Агар 20 та гол уришни мақсад қилсанг, “Ҳозир октябрь, олдимда яна саккиз ой бор, демак, яна 17 та гол уришим керак”, деб ўйлайсан.
Бундай фикрлаш тарзи керак эмас. У сени мақсадингга олиб бормайди.
Унинг ишлари яхши кетмоқда. Ҳозиргача у бемалол яна тўрт-бешта гол уриши мумкин эди. Агар шу суръатда давом этса, яна кўп гол уради.
Голлар сони ҳақида гапирганимизда, у ҳар бир ўйинда муайян миқдорда гол уришни мақсад қилиши керак. Агар унинг фикрлаш тарзи ўзгарса ва у шундай ёндашувга эга бўлса, гол уриш учун қулай вазиятларга кўпроқ чиқади ва кўпроқ гол уради», — дея Артетанинг сўзларини келтиради Evening Standard.