Ана холос: Ўзбекистон миллий терма жамоаси кейинги ой Россия билан ўйнаши кутиляпти
- 12-октябр, 22:05
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Россия терма жамоаси ноябрь ойида иккита халқаро ўртоқлик ўйини ўтказиши режалаштирилган. «РБ Спорт» нашрининг хабар беришича, рақиблардан бири Ўзбекистон миллий терма жамоаси бўлиши эҳтимоли катта.
Манбаларга кўра, Ўзбекистонга қарши баҳс сафарда ўтказилиши кутилмоқда. Валерий Карпин бошчилигидаги жамоа ноябрь ойидаги иккинчи ўйинни эса ўз майдонида қабул қилади.
Октябрь ойидаги ФИФА кунлари Валерий Карпин бошчилигидаги Россия терма жамоаси Эрон (2:0), Намибия (6:0) ва Нигерия (3:3) терма жамоаларига қарши назорат учрашувларини ўтказган эди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейинги ўқув-машғулот йиғини давомида Эронни 3:1, Сурияни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Жанубий Кореяда ташкил этилган учинчи ўртоқлик ўйинида эса Фабио Каннаваро шогирдлари 2:0 ҳисобида мағлубиятга учради.
Бу учрашувларнинг барчаси Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун 2027 йили Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган Осиё чемпионати учун тайёргарлик босқичи вазифасини ўтайди.
Футболчиларимиз Осиё қитъасининг энг нуфузли мусобақасида кучли гуруҳдан жой олган. Қуръа натижасига кўра, Фабио Каннаваро шогирдлари қитъа чемпионатидаги биринчи учрашувни 8 январь куни Иордания терма жамоасига қарши ўтказади.
13 январга белгиланган иккинчи турда ҳамюртларимиз КХДР футболчилари билан куч синашади. Гуруҳдаги охирги ўйин 18 январда Баҳрайн миллий терма жамоаси вакилларига қарши бўлади.
Осиё чемпионатининг гуруҳ босқичида 24 та мамлакат миллий терма жамоалари қатнашади. Ҳал қилувчи финал учрашуви 5 февраль куни Ар-Риёд шаҳридаги "King Fahd Sports City Stadium" аренасида ўтказилади.