"Ал-Қодисия" мураббийи Брендан Рожерс: "Пахтакор" — кучли жамоа"
- 13-октябр, 00:17
- Muhammadqodir Ruzmatov
- 0
- Футбол
Элит Осиё чемпионлар лигасининг 2-тури доирасида «Пахтакор» ўз майдонида «Ал-Қодисия»ни қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Учрашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Брендан Рожерс ўз фикрларини билдирди.
«Албатта, Чемпионлар лигаси баҳсларига тайёр ҳолда келиш керак. Ғалаба қозониш учун сўнгги дақиқаларгача курашиш зарур. Аммо бугун биз уч очкони қўлга кирита олмадик. Айниқса, рақиб иккинчи бўлимнинг сўнгги қисмида жуда яхши ҳаракат қилди. Чунки уларда йўқотадиган нарса қолмаган эди.
«Пахтакор» жарима майдонимизга кўплаб кросслар йўллади. Ўйин давомида бизнинг ҳам яна битта гол уриш учун имкониятларимиз бўлди. Афсуски, улардан фойдалана олмадик. Шунга қарамай, олдинга интилишда давом этамиз. Чунки олти очкодан тўрттасини қўлга киритишга муваффақ бўлдик.
Мен жамоага келганимдан буён «Ал-Қодисия» 3-1-4-2 схемасида ўйнамоқда. «Пахтакор»ни ўрганиб чиққанимизда, улар ҳимояда тўрт футболчи билан ҳаракатланарди. Бироқ бугунги учрашувда схемани ўзгартиришди. Икки жамоа ҳам ҳимояда беш нафар футболчи билан ўйнади.
Шунга қарамай, бизда гол уриш учун жуда яхши имкониятлар бўлди. Шунингдек, дарвозабонимиз биринчи ва иккинчи бўлимларда биттадан ажойиб сейвни амалга оширди.
«Пахтакор» — кучли жамоа. Улар бизга жуда яхши қаршилик кўрсатди ва бу учрашувга пухта тайёргарлик кўргани кўриниб турди. Бу мен учун кутилмаган ҳолат эмас. Бир жамоа фаворит бўлиши мумкин, аммо рақиб ҳам унга муносиб қаршилик кўрсатиши мумкин.
Тўғри, «Ал-Қодисия» икки йил олдин Саудия Арабистони Про-лигасининг иккинчи дивизионида ўйнаган. Ҳозир эса имкониятларимизни тобора ошириб, кучайиб бормоқдамиз.
Иккинчи бўлимда устунликни бой берганимиз — ўйиннинг табиий кечиши билан боғлиқ. Биз ҳужумкор ва агрессив жамоамиз. Тўпни рақибга бериб қўйсангиз ва унда вазиятлар юзага кела бошласа, бу, табиийки, ўйинингизга таъсир қилади.
Менимча, иккинчи бўлимнинг дастлабки 20 дақиқасида ҳам рақибга ўз ўйинини кўрсатиш имконини бермадик. Кейинчалик учрашувнинг боришидан келиб чиқиб, уларда кўпроқ вазиятлар пайдо бўлди. Чунки тўпга кўпроқ эгалик қила бошлашди. Буни ўйиннинг табиий кечиши деб ҳисоблайман», — деди мураббий.