А Серия. "Кремонезе" сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетди. "Милан" эса ишончли ҳисобда "Лечче"ни мағлубиятга учратди
- 30-август 2025, 03:46
- Bilolbek Imomov
- 0
- Футбол
Италия А Сериясининг 2-туридан ўрин олган дастлабки икки баҳс ўз ниҳоясига етди.
1-турда "Милан"дан устун келган "Кремонезе" мазкур турда "Сассуоло"ни 3:2 ҳисобида таслим этишга муваффақ бўлди. Дастлаб, 37 ва 39-дақиқаларда Филиппо Терраччано ҳамда Франко Васкес гол уришга муваффақ бўлди. Уларнинг голларига эса Андреа Пинамонти ва Доменико Берарди жавоб бериб, ҳисобни тенглаштиришди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларнинг учинчиси ўтиб бораётган Мануэль де Лука гол уриб, жамоасининг 3 очко олишини таъминлади.
Ушбу ғалаба орқали "Кремонезе" очколар сонини 6 тага етказиб, турнир жадвалида вақтинчалик 1-ўринга чиқиб олди.
Массимилиано Аллегри бошчилигидаги "Милан" эса 1-турда аламли мағлубиятни қабул қилиб олган эди. Бу турда эса миланликлар "Лечче"дан 2:0 ҳисобида устун келди.
66-дақиқада Рубен Лофтус-Чик ҳисобни очган бўлса, 86-дақиқада Челсининг собиқ ҳужумчиси Кристиан Пулишич ҳам гол уриб, орадаги фарқни 2 тага етказиб қўйди. Ушбу икки гол "россонериликлар"нинг сафардан ғалаба билан қайтишларини таъминлади.