U-17 ЖЧ. Гуруҳ босқичида жамоаларнинг очкоси тенг келиб қолса, нималарга қараб ўринлар аниқланади?
Хабарингиз бор, Ислом Исмоилов бошқарувидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Жамоамиз дастлабки беллашувда Парагвайни 2:1 ҳисобида таслим этган бўлса, кеча Ирландияга 2:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу орқали, вакилларимиз гуруҳ босқичидаги 2 турдан сўнг 3 очко тўплаган ҳолда, 2-ўринда бормоқда.
3-ўриндаги Парагвай терма жамоасида ҳам 3 очко мавжуд. Фақатгина ўзаро беллашувлардаги натижа орқали терма жамоамиз турнир жадвалида юқорида жойлашган.
Агарда 3 та турдан сўнг жамоаларнинг очколари тенг келиб қоладиган бўлса, нималарга қараб аниқлаши бўйича кўплаб футбол мухлисларида савол туғилиши мумкин. Sports.uz сайти эса сизга бу ҳақида тўлиқ маълумот беради.
Гуруҳ босқичидаги саралаш қоидалари:
Агар гуруҳ босқичи якунланганидан сўнг бир гуруҳдаги икки ёки ундан ортиқ жамоа бир хил очкога эга бўлса, қуйидаги қоидалар навбатма-навбат қўлланилади:
Илк қадам:
1) Ўзаро ўйинларда эришилган энг кўп очко;
2) Ўзаро ўйинлардаги тўплар фарқи (голлар нисбати);
3) Ўзаро ўйинларда урилган тўплар сони.
Кейинги қадам:
Агар ушбу мезонлар бўйича ҳам жамоалар тенг бўлиб қолса, қуйидаги қоидалар ишга тушади:
4) Гуруҳдаги барча ўйинлар бўйича тўплар фарқи;
5) Гуруҳдаги барча ўйинлар бўйича урилган тўплар сони;
6) Жамоанинг интизом кўрсаткичи (сариқ ва қизил карточкаларга қараб):
Сариқ карточка: –1 очко
Икки сариқ натижасида қизил карточка: –3 очко
Тўғридан-тўғри қизил карточка: –4 очко
Сариқ + тўғридан-тўғри қизил карточка: –5 очко
7) ФИФА томонидан қуръа ташлаш.
Учинчи ўрин эгалари рейтингини аниқлаш:
Гуруҳлардаги учинчи ўринни олган жамоалардан энг яхши саккизтаси қуйидаги мезонлар асосида сараланади:
1) Барча гуруҳ ўйинларида тўпланган очколар;
2) Барча гуруҳ ўйинларидаги тўплар фарқи;
3) Барча гуруҳ ўйинларида урилган тўплар сони;
4) Интизом кўрсаткичи (сариқ ва қизил карточкалар бўйича);
5) ФИФА томонидан қуръа ташлаш.
Плей-офф босқичи
Агар плей-офф босқичидаги ўйин асосий вақтда дуранг билан якунланса: қўшимча вақтлар бўлмайди, ғолиб пенальти серияси орқали аниқланади.



Фикрлар