
Терма жамоада ўйнаган футболчи вафот этди
Зимбабве миллий терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Тендай Ндоро 41 ёшида фавот этди. Бу ҳақида Зимбабве футбол ассоциацияси матбуот хизмати ахборот берди.
Бир неча манбаларнинг маълум қилишича, собиқ футболчининг жасади Йоханнесбургдаги уйида топилган. Ўлим сабаблари айтилмаяпти. Шунга қарамай, Ндоро қандли диабет билан оғригани ва яқинда танасида шиш пайдо бўлгани туфайли касалхонада даволангани ҳақида маълум қилинди.
- Миллий терма жамоанинг собиқ ҳужумчиси Тендей Ндоронинг бевақт ўлими туфайли чуқур қайғудамиз. Ндоро терма жамоамиз сафида мамлакатимиз шарафини ғурур билан ҳимоя қилган истеъдодли ҳужумчи эди. Унинг маҳорати, ишга муносабати ва футболга иштиёқи кўпчиликни илҳомлантирган. Ндоронинг Зимбабве футболига қўшган ҳиссаси ҳеч қачон унутилмайди.
Зимбабве футбол ассоциациячи футболчининг оила аъзолари ва бутун мамлакат аҳлига таъзия изҳор этади, - дейилади расмий баёнотда.
Ндоро ўз юртида “Чикен Инн” жамоасида ўйнаган. Кейинчалик фаолиятини Жанубий Африка Республикасида давом эттириб, “Мпумаланга Блэк Эйсиз”, “Орландо Пайретс”, “Аякс Кейптаун” ҳамда “Хайлендс Парк” жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
2017 йили Африка миллатлари кубоги мусобақасида Зимбабве миллий терма жамоаси сафида иштирок этган ҳужумчи профессионал фаолиятини 2020 йили якунлаган эди.
Фикрлар