Суперлига. Абрамов бу сафар Бошковичга қарши - бугун 20-тур бошланади

CHERY AUTO

Биласиз, бугундан Суперлигада 20-тур беллашувлари старт олади. Ғузорда "Шўртан" "Навбаҳор"ни қабул қилса, "Динамо" "Сўғдиёна" майдонига ташриф буюради. 

Tecno

"Шўртан" - "Навбаҳор"

Ғузорликлар сўнгги икки принсипиал баҳсларда мағлубиятга учрашди. Биринчисида ўзидан ўша пайтда 1 поғона юқорида жойлашган "Қўқон-1912"га енгилган бўлса, ўтган турда Қашқадарё дербисида "Насаф"дан мағлубият қабул қилинди. Элдор Мойлиев шогирдлари ҳали-ҳамон Про лигага тушиб кетишга асосий даъвогарликни ҳеч кимга бермай келмоқда. Бу кетишда мураббий яқин орада яна янгиланса керак. Лекин, мураббийнинг ўзи билан қанчалик иш битаркин.

Жамоага яхши номлар ҳам олиб келинди. Пўлатхўжа Холдорхонов, Одил Абдумажидев, Абубакр Ризо Турдиалиев, Фаррух Мухторов Суперлига тажрибасига эга футболчилар ҳисобланишади. Афсуски, улар ҳам ҳозирча клубнинг поғонасига таъсир қила олишгани йўқ.

"Навбаҳор"да иккинчи даврага келиб барқарорлик йўқолгандек - жамоа "Машъал"ни 6-0 ютгандан сўнг 5 та ўйиндан фақат дербида "Андижон"ни енга олди, холос. "Нефтчи" ва "Пахтакор"дан мағлубият, "Динамо" ҳамда "Сўғдиёна" билан дуранг қайд этилди. Аммо, ҳар сафар айтаётганимиздек, ўйин йўқолгани йўқ. Муҳлислар ҳам ҳозирча шу сабаб жамоадан қониқиб туришибди.

Беқарор  "Навбаҳор” аутсайдер "Шўртан" билан барқарорликни қайтара оладими, кўриш қизиқ. Имкониятлар фоизларда 30-70 "лочинлар" фойдасига.

"Сўғдиёна" - "Динамо"

Жиззахликлар иккинчи даврани "қўрқинчли" тақвим билан бошлади. Ўтказган 4 баҳсидан 3 тасидаги жамоалар кучли учлик, балки чемпионликка ҳам курашмоқда. Фақатгина "Машъал" билан баҳсда фаворит сифатида ҳаракат қилди ва ғалабага эришди. Қолган уч баҳсда эса фақат 1 очко ишланди, холос. Аммо, мутахассислар томонидан "Насаф" ва "Навбаҳор"га қарши беллашувлар ижобий таассурот қолдирди. Охирги турда эса негадир "Пахтакор"га қаршилик кўрсата олишмади. Бошкович бу баҳсдан трагедия ясамаслик кераклигини айтяпти. Лекин, мағлубиятлар мураббийнинг драматик истеъфосига сабаб бўлиши мумкин.

"Динамо"нинг "Нефтчи"га қарши қолдирилган баҳсдаги мағлубияти ҳамон ягоналигини сақлаб турибди. Иккинчи баҳсдаги 4 беллашувдан 2 тасида дуранг қайд этилди. Бироқ, рақиблар ҳам анойи эмасди - "Пахтакор", "Навбаҳор. Қолган икки ўйиндан эса "ОКМК" ва "Машъал" таслим этилди. Бу турда жамоада икки футболчи ўйинни ўтказиб юборади. Фирдавс Абдураҳмонов ҳамда Мақсудхўжа Алихўжаевларнинг йўқлиги  қанчалик таъсир қиларкин кўрамиз.

Бошкович ва Абрамовнинг тактик курашини кўриш қизиқарли бўлиши аниқ. Икки мураббий ҳам ҳужумкор футбол тарафдори. Шу сабабли, бу баҳсдан иккитадан кўп гол кутаверинг. Имкониятлар 45-55 самарқандликлар фойдасига.

Иккала учрашувда ҳам қизиқарли жиҳатлар мавжуд. Шу боис ўйинларни ўтказиб юбориш афсусланишга сабаб бўлиши мумкин.

Яҳёхон Ғаниев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!