
Ҳусанов, ўйнашни шу юлдузлардан ўрган! Дунёнинг энг зўр марказий ҳимоячиси аниқланди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттираётганини инобатга олиб, sports.uz портали ушбу мамлакат футболи ҳамда “Манчестер Сити” жамоасига оид қизиқ маълумотларни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
Англия Премьер-лигаси футболчиларнинг маҳорати юксаклиги жиҳатидан бошқа лигалардан анча устун туради. Инглиз клублари ҳам ўйинчи танлашда уларни “чертиб, чертиб” олади.
Аргентиналик жаҳон чемпиони Энцо Фернандес бир неча йилдан бери “Челси” шарафини ҳимоя қилиб келади. Тажрибали ярим ҳимоячидан жаҳоннинг энг кучли марказий ҳимоячиси ким эканини сўрашди. Энцо Фернандес улар Англия Премьер-лигаси вакиллари эканини таъкидлади.
- “Ливерпуль” вакили Виржил ван Дейк жаҳоннинг энг зўр марказий ҳимоячиси. Бу юз фоиз аниқ. Нидерландиялик бу ўйинчи ва “Тоттенхэм” марказий ҳимоячиси Кристиан Ромеро ҳаммадан устун туради, - деди Энцо Фернандес.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусанов эса, Англия Премьер-лигасининг энг тезкор марказий ҳимоячиларидан бири ҳисобланади. Экспертлар ҳисоб-китобига кўра, ўзбек легионери чемпионатнинг биринчи турида энг тез югурган ҳимоячи сифатида қайд этилди. Абдуқодир “Вулверхэмптон”га қарши баҳсда соатиги 33,5 километр тезликда югурган ва бу кўрсаткич бўйича кучли бешликдан жой олди.
Қувонарли жиҳати, Англя Премьер-лигасидаги биринчи ва ҳозирча ягона бўлган ўзбек футболчиси кучли клубларнинг юлдузларига қарши ўйинларида ўз маҳоратини чарҳлаб бормоқда.
“Манчестер Сити” дарвозабон учун икки баравардан ортиқ ҳақ сўради
Туркиянинг амалдаги чемпион “Галатасарой” анчадан бери “Манчестер Сити”нинг асосий дарвозабони Эдерсон Мораесни трансфер қилиш истагини билдирмоқда.
Истанбулликлар бразилиялик голкиперни сўраб, “шаҳарликлар”га бир неча бор мурожаат қилди. Турклар охирги таклифида Эдерсон учун 10 миллион евро атрофида бадал пули берилишини билдирди.
Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг маълум қилишича, бу сумма манчестерликларни қониқтиргани йўқ. Манбага кўра, “Манчестер Сити” Туркия чемпионлариан 32 ёшли дарвозабон учун 25 миллион евро сўраган.
Эдерсоннинг ўзи “Галатасарой” мутасаддилари билан шахсий шартнома бўйича келишувга эришган ва тезроқ Суперлигага кўчиб ўтмоқчи. Томонлар ўртасидаги музокаралар давом этмоқда.
“Сити”да Ямал даражасидаги юлдуз бор
Франция терма жамоаси ва “Манчестер Сити”нинг собиқ юлдузи Самир Насри “шаҳарликлар”нинг янги ўйинчиси Райан Шерки маҳоратидан ҳайратда эканини таъкидлади.
22 ёшли франциялик ярим ҳимоячи манчестерликлар сафидаги дебют учрашувида 73-дақиқада Эрлинг Холандни алмаштирди ва қисқа вақт ичида “Вулверхэмтон” дарвозасини ишғол қилди.
- Шерки – талант, уни Ламин Ямалга таққослаш мумкин. Райаннинг дриблинги ҳайратланарли даражада зўр. Энди у барқарорликка эришишни ўрганиши керак, шунда энг буюк футболчилар қаторига қўшсак бўлади, - деди Самир Насри.
Самир Насри футболчилик фаолияти давомида “Марсель”, “Арсенал Лондон”, “Манчестер Сити”, “Вест Хэм Юнайтед”, “Севилья”, “Антальяспор” ва “Андерлехт” жамоаларида ўйнаган.
Райан Шерки ҳам Франция футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. У “Лион” клуби тизимида тарбияланиб, беш йил давомида асосий жамоа шарафини ҳимоя қилган.
Фикрлар
захирада утириб кандай урганиш мумкин?
кандай килиб энг зур марказий химоячи аникланади?
биттагина одам фикри билан аникланиб коладими?