
“Реал” катта йўқотишга учраганини маълум қилди
“Реал” клуби ўзининг расмий сайти орқали жамоа германиялик етакчи ҳимоячиси Антонио Рюдигер саломатлигига оид хабарни эълон қилди.
- Клуб тиббий хизмати вакиллари томонидан Антонио Рюдигер текширувдан ўтказилганида чап оёқ сон қисми мушакларидан жароҳат олгани тасдиқланди. Энди воқеалар ривожини кузатамиз, - дейилади клуб баёнотида.
Таниқли журналист Аранчи Родригес 32 ёшли марказий ҳимоячига жароҳатидан тўлиқ тузалиш учун уч ой вақт керак бўлишини таъкидлади.
Антонио Рюдигер ўтган мавсумда барча турнирларда 55 маротаба майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари учта гол ва битта ассист муаллифи бўлди.
Германиялик чарм тўп устасининг “Қироллик клуби” билан тузган шартномаси мавсум охирида якунига етади. Охирги маълумотларга қараганда, мадридликлар Рюдигер билан ҳамкорликни узайтирмоқчи эмас.
Фикрлар