
Расман! Сардор Раҳмонов ОКМК билан хайрлашди
ФИФА кунлари муносабати билан юзага келган танаффусда ОКМК жамоаси таркибида илк ўзгариш рўй берди.
Тажрибали ҳимоячи — Сардор Раҳмонов ОКМК футбол клубини тарк этди. Бу хусусида жамоа матбуот хизмати хабар берди.
2019 йилдан буён «кончилар» сафида ҳаракат қилиб келган Сардор Раҳмонов ОКМК ФК таркибида жами 179 та ўйинда майдонга тушиб, 11 та гол ва 7 та голли узатмани амалга оширган.
Шунингдек, у клуб сафида 2020 ва 2021-йилларда бронза, 2024 йилда эса кумуш медалларни қўлга киритган. Шу билан бирга Сардор Раҳмонов ОКМК таркибида 2019, 2021 ва 2023-йилларда Осиё Чемпионлар Лигаси баҳсларида ҳам иштирок этган.
"Клуб Сардор Раҳмоновга йиллар давомида кўрсатган садоқати, профессионаллиги ва фидойилиги учун самимий миннатдорчилик билдиради. Келгуси фаолиятида унга сиҳат-саломатлик, омад ва янги ютуқлар тилаймиз", - дейилади клубнинг расмий баёнотида.
Фикрлар