"Қизилқум" раҳбарияти, мухлислари ва бош мураббийдан узр сўрайман" ёхуд Дилшод Комилов энди жамоасиз эмас
10 ноябрь куни U21 чемпионатида "Қизилқум" ва "Андижон" жамоалари иштирокидаги ўйинга гувоҳ бўлдик. Беллашувдан аввал жамоалар таркибига назар ташлаган чоғимизда мезбонлар сафида Дилшод Комилов қайд этилганини кўрдик ва бундан ажабландик. Бу ўша клубдан четлатилган Комиловми ёки яна битта исм-фамилияси бир хил бўлган Дилшод Комиловми деб ўйланиб қолдик. Кейин майдонда "Қизилқум" жамоасига назар ташласак, чиндан ҳам бу ўша "Қўқон-1912" билан учрашув вақтида захирага чиқишни истамаган футболчи экан. У қачон қайтганлиги бизни ўйлантирган маҳалда учрашув арафасида клуб матбуот хизмати бу борада расмий хабар чиқарди. Унда шундай дейилади:
"Хабарингиз бор Суперлиганинг 21-тур учрашувида жамоамиз бош мураббийи Акмал Рустамов ҳамда ҳимоячи Дилшод Комилов ўртасида кутилмаган ҳолат рўй берганди. Шундан сўнг клуб раҳбарияти футболчи билан меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилган эди. Куни кеча жамоа раҳбарияти ва мураббийлар штаби йиғилиш ўтказиб, футболчини «Қизилқум» ёшлар жамоаси таркибида машғулотларда қатнашиши учун рухсат берилди".
Вазиятга баҳо бериш учун Дилшод Комиловнинг ҳам фикрларини тингламоқчи эдик. Бу хусусида ҳам клуб матбуот хизмати ушбу футболчининг муносабатини ҳавола этди.
Дилшод Комилов клуб базасига ташриф буюриб ўша ҳолат юзасидан тушунтириш берди:
"Авалло, ассалому алайкум. Мен Дилшод Комилов айни пайтда «Қизилқум» жамоаси базасидаман ва мен билан бўлган воқеа бўйича маълумот бермоқчиман. Суперлига 21-тури доирасида «Қўқон-1912»га қарши беллашувнинг 60-дақиқасида мени бош мураббий Акмал Рустамов захирага олмоқчи бўлдилар. Аммо мен бу қарорни тўлақонли тушунмаганлигим учун жамоага учрашувда тўлиқ ёрдам бериш мақсадида майдоннни тарк этмадим. Шундан кейин бу ҳолат мухлислари ва мутахассислар ўртасида кенг мулоҳазаларга сабаб бўлди.
Ушбу қарорим учун мен «Қизилқум» жамоаси раҳбарияти ва мухлислари қолаверса клуб бош мураббийи Акмал Рустамовдан узр сўрайман. Тушунмовчилик ва вазиятга нопрофессионалларча ёндашганлигим рост. Айни пайтда клуб раҳбарияти ва бош мураббий билан келишиб олдим ва ҳозирда ҳаммаси яхши. Мен мавсум сўнггига қадар «Қизилқум» жамоаси шарафини ҳимоя қилишга тайёрман".
Кўриб турганингиздек, Дилшод Комилов авф этилди. Асосий таркибга жалб қилинадими йўқми, бу мураббийнинг иши. Лекин у энди жамоасиз эмас. Футболчи ҳам қилган ишидан пушаймон бўлганини тушуниб етди. Хуллас, шунақа гаплар.



Фикрлар