"Андижон" дарвозабони: "Битта ғалаба барчасини ўзгартириб юборади"
“Андижон” клуби Суперлиганинг 28-турида Навоийда “Қизилқум”га 2:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Эндиликда “Бургутлар” турнир жадвалида 12-ўринга тушиб қолди.
Ушбу беллашувда “Андижон” дарвозабони Эржан Токотаев жароҳат олиб майдонни эрта тарк этди. Унинг ўрнига туширилган посбон Элдор Адҳамов ҳам баҳс давомида оёғидан лат еди. Икки марта унга шифокорлар тиббий ёрдам кўрсатишди.
Адҳамов ўйинни охиригача етказиб қўйди. Олдинда эса андижонликларни сафарда 21-турдан қолдирилган “Динамо”га қарши баҳс кутмоқда.
Элдор Адҳамов Навоийдаги беллашув, жароҳати ва олдиндаги беллашувга тааллуқли айрим саволларга жавоб берди.
- Элдор, аввало “Андижон”нинг сафарда “Қизилқум”га қарши учрашуви борасида нима дея оласиз?
- Футболчиларда чарчоқ аломатлари билиниб турди. Масофали йўллардан кейин бу табиий ҳол. Бу футболчиларга максимал ҳаракат қилишга имконият бермайди.
- Ўша ўйинда Эржан Токотаев жароҳат олгач, 17-дақиқада захирадан майдонга тушдингиз. Учрашув давомида эса сизга ҳам икки марта шифокорлар ёрдам кўрсатишди. Нима бўлди ва ҳозир ҳолатингиз қандай?
- Бир вазиятда тўпиғим қайрилиб кетди ва шифокорлар учрашувни давом эттирсам жароҳат кучайиб кетишини айтишди. Аммо бошқа иложи йўқ эди ва сўнгги 40 дақиқа оғриқ билан ўйнадим. Текширувдан ўтдик, ҳаммаси жойида. Шифокорлар оёғимга 3-4 кун дам беришим кераклигини айтишди.
- Мухлислар жамоани плей-оффга тушиб қолишидан хавотирдалар. Бу вазиятдан чиқиб кетиш йўли сифатида нимани айта оласиз?
- Жамоадаги футболчиларнинг барчаси салоҳиятли. Ўйлайманки, битта ғалаба барчасини ўзгартириб юборади.
- Олдинда “Андижон” жамоасини Самарқандда "Динамо"га қарши қолдирилган ўйини турибди. Самарқанддаги баҳс олдидан нима дея оласиз?
- “Динамо” ҳам оддий жамоа. Биз улардан кучлимиз, дея оламан.



Фикрлар