"AS": "Содиқов Панама жамоасининг бутун тизимини бузди. Шунингдек, Ҳусанов бошчилигидаги миллий жамоа келаси йил ЖЧда иштирок этади"
Хабарингиз бор, кеча Исломбек Исмоилов бошқарувидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоамиз Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 3-турида Панама билан куч синашиб, 6:1 ҳисобида муваффақиятга эришди. Ушбу учрашувдан сўнг Европанинг кўплаб машҳур нашрлари терма жамоамиз ҳақида илиқ фикрлар билдириб, алоҳида эътироф этди.
Барчага таниш бўлган "AS" нашри ҳам ўсмирлар терма жамоамизнинг сўнгги учрашувини кичик таҳлил қилиб, алоҳида жиҳатларимизни таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатидаги иштирокини ҳам эслаб ўтди.
"Панама мундиалда тарихий мағлубиятга учради, Ўзбекистон эса гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади.
Панама катта терма жамоаси билан яхши натижалар қайд этса ҳам, ёшлар термаси тарихдаги энг ёмон Жаҳон чемпионати иштирокларидан бирини ўтказди. U-17 жамоаси Қатардаги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистонга 1:6 ҳисобида мағлуб бўлди.
Жамоа гуруҳ босқичида учта учрашувдан бирорта очко ҳам қўлга кирита олмади. Ҳимоя ва ҳужумда самарасизлик натижасида голлар фарқи -9 (3 та урилган/12 та ўтказилган) бўлди, сўнгги учрашув статистикани янада оғирлаштирди.
Аргентиналик мураббий Леонардо Пипино бошчилигидаги жамоа гуруҳ босқичининг учинчи турида натижани яхшилай олмади ва энг охирги ўринни сақлаб қолди. Шунингдек, иккинчи таймда 45 дақиқада 6 та гол ўтказиб, мундиалдаги фожиани тасдиқлади. Голлар 48-дақиқадан бошлаб, айримлари ўртасида фақат 3 дақиқа фарқ билан бўлди.
Статистикадан фарқли равишда, майдонда рақобат бироз тенг эди: Ўзбекистон 7 та зарба берди, Панама эса 6 та тепди. Аммо ёш футболчи Содиқов ўнг қанотдан Панама жамоасининг бутун тизимини бузди: у битта гол урди, битта голли пас берди ва жамоасининг ўйинини бошқарди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон U-17 жамоаси гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади. Бу Осиё мамлакати учун футболда улуғ бир бурилиш ҳисобланади.
"Манчестер Сити"нинг ёш ҳимоячиси Абдукодир Хусанов бошчилигида Ўзбекистон терма жамоаси келаси йил катта жамоа билан биринчи марта Жаҳон чемпионатида иштирок этади", - дейилган хабарда.



Фикрлар