
"Мухлислар кучли қўллаб-қувватлаши ҳар биримизга мотивация беради, илк ўйинимни сабрсизлик билан кутяпман" - "Андижон"нинг янги легионери
“Андижон” ёзги селекция жараёнида таркибини бир қатор футболчилар билан тўлдираётганидан хабардорсиз.
Яқинда “Бургутлар” аъзосига айланган полшалик ҳимоячи Кристиан Новак айни пайтда жамоа билан Тожикистондаги йиғинда иштирок этяпти.
Куни кеча “Андижон”нинг янги легионер клуб матбуот хизматига илк интервьюсини берди.
- Кристиан, “Андижон” клубига хуш келибсиз! Бу таклиф сиз учун қачон содир бўлди ва сизни рози бўлишингизга асосий сабаб нима эди?
- Қозоғистоннинг “Женис” клуби билан шартномани бекор қилдим ва “Андижон”дан таклифни қабул қилдим. Улар менга тақдим қилган лойиҳа, жамоанинг қандай ишлаши, Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиши, мухлислар – буларнинг барчаси мени шартнома имзолашимга асосий туртки бўлди. Мураббий ҳам муҳим қисми бўлди. Чунки уни “Пахтакор”да бош мураббийлик қилганини билардим. Менинг дўстим Банашак ушбу клубда ўйнаган ва шу жиҳатдан мен Максим Шацкихни танирдим. Бу эса мени шартнома имзолашимга туртки бўлди.
- Жамоа билан биринчи машғулотингизни ўтказганингизда мухлислар сизни ниҳоятда илиқ қарши олдилар. Дастлабки кунданоқ мана шундай муҳитни кутганмидингиз?
- Мен ўйинларни томоша қилдим. Мухлислар тасаввур қилиб бўлмас даражадаги атмосферани яратишган. Футболчиларни ажойиб қўллаб-қувватлашади. Мени ҳам зўр кутиб олишди. Иккинчи давра бошланишидан олдин бу биз учун катта руҳланишимизга сабаб бўляпти.
- Иккинчи давра “Андижон” учун жуда муҳим. Жамоа чемпионатдаги ўрнини яхшилаши ва Осиё Чемпионлар лигасида дебютини ўтказиши лозим. Бу ҳақида нима дея оласиз?
- Иккинчи давра олдидан тайёргарлик машғулотларини ўтказяпмиз. Мавсумнинг иккинчи қисмига яхши формада кириб боришга ҳаракат қиламиз. Мураббийлар барчасини режалаштириб чиқишган. Қўлимиздан келганича қаттиқ меҳнат қилиб, мавсумнинг қолган қисмида энг яхши натижаларни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. Ушбу ижобий натижаларимиз иккинчи давранинг илк ўйинидан бошланишидан умидвормиз. ОЧЛдаги дебют учрашувимиз ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Буни ҳамма англаб турибди. Барчанинг хоҳиши кучли ва улар бунинг учун қанчалик жонини бериб машғулотлар ўтказаётганидан кўришингиз мумкин. Жамоанинг ҳар бир аъзоси бунга тайёр бўлиши учун жуда қаттиқ шуғулланмоқда.
- Қайси рақамни танладингиз?
- 27-рақамни кияман. Бу менга жуда ёқади. Келганимда ушбу рақам бўш экан. Сўнгги пайтларда одатда 15-рақамда тўп сурардим. Лекин бу жамоада банд қилинган экан, бошқа футболчи ўйнаркан. Шу боис 27 ни танладим.
- Сиз илгари Европа чемпионатларида ўйнагансиз. Осиёга эса биринчи бор келяпсиз. Бу сизнинг фаолиятингизда янги саҳифа, шундайми?
- Қозоғистонда ўйнадим ва бу Осиёга яқин. Бундан ташқари, Европанинг яна бошқа бир нечта мамлакатларида ҳам ўйнаганман. Турли давлат ва лигаларга мослашишда менда муаммо йўқ, деб ҳисоблайман. Ҳар бир мамлакат, янги жой, янги чақириқ ва янги вазифа. Буларнинг барчасига мен доим оптимистик кайфиятда ёндашаман. Ҳаммаси яхши бўлишига ишониб келаман.
- Сиз бунгача Ўзбекистон фуболи ва “Андижон” ҳақида нималарни билардингиз?
- Мени дўстим Псемислав Банашак “Пахтакор”да ўйнаганида менга лига ҳақида гапириб берган. “Андижон”нинг бир нечта ўйинларини томоша қилганман. Бу жуда ҳам муҳимки, жамоа табиий майдонда ўйнаркан. Стадион катта. Барчаси менга профессионал футбол атмосферасидек туюляпти. Андижонда мухлислар жамоани жуда қаттиқ ва кучли қўллаб-қувватлашади. Бу нарсани ҳар бир учрашувда намойиш этишади. Бу ҳар бир инсонга мотивация беради. Олдинда кутиб турган биринчи ўйинимни сабрсизлик билан кутяпман.
Фикрлар