Миржалол Қосимов: "Мухлисларимизни ғалабага ўргатиб қўйганимиздан кейин бундай натижа кўрсатмаслигимиз керак"

CHERY AUTO

Суперлиганинг 14-туридаги сўнгги ўйин Олмалиқда ОКМК ва “Сурхон” клублари ўртасида бўлиб ўтди. Қизиқарли кечган учрашувда ОКМК ўз майдонида рақибига 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради.

Tecno

Беллашувдан сўнг ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида саволларга жавоб қайтарди.

- Тўғрисини айтсам, тушунарсиз. “Реализация” йўқ, имкониятларимиз борича ҳаракат қилдик. Бунинг сабабчиси “Сурхон” ва бу жамоа интизомли футбол кўрсатади. Кутилмаган қарши ҳужумлардан фойдаланиб кетади. Бугун шу нарса бўлди. Шунча вазиятлар яратдик. Аммо улардан фойдаланиш борасида оқсоқланиш бор. Машғулотларда ишлаяпмиз. Тўртинчи ўйиндирки, гол ура олмаяпмиз. “Бухоро” билан учрашувда ўзимиз гол урмадик, автогол эди. Мухлисларимиздан узр сўрайман. Улар доим бизни қўллаб-қувватлашяпти. Бу вазиятга ўзимиз тушдик ва ўзимиз чиқиб кетишимиз керак. Четдан ҳеч ким ёрдам бермайди. Қандай қилиб гол ўтказиб юбордик? Ўйинни кўриб, таҳлил қилиб, тўғрилашга ҳаракат қиламиз.

- Тўхтахўжаев ва Ўлмасалиев бу учрашувда майдонга тушишмади. Яна бир ҳимоячи Сардор Раҳмонов клубни тарк этган. Мажбурий ротациялар қанчалик таъсир кўрсатди?

- Айтяпман-ку, имкониятлардан фойдаланиш борасида оқсаяпмиз. Таъкидлаганимдек, “Сурхон” интизомли ҳимояланади. Ёриб кириш ҳам оғир. У қадар кўп вазиятлар ҳам бўлмайди. Лекин имкониятлардан самарали фойдаланиш керак. Шунда уларни қандайдир ҳужумга мажбур қила оламиз. Гол ўтказганимиздан кейин хоҳлаймизми-йўқми, ҳужумга ўтганимизда қарши ҳужумдан фойдаланиб кетиши осонроқ. Шунинг учун ҳам шунақа вазиятлар бўлди. Голга яқин келдик. Кўриниб турибдики, йигитлар хоҳлашяпти, шижоат бор.

- Деярли захира ўриндиғидан турмадингиз. Бунга сабаб нима? Жамоани ёмон натижалари шунга мажбур қилдими?

- Нимага турмадим? Сизларга шундай кўриниши мумкин. Ўйин давомида барибир мия айланади. Йигитларга нисбатан кўпроқ босим ўтказиб юбормадим, деган маънода ҳам ўзимни ушлашга ҳаракат қилдим. Нимагаки, бу вазиятдан чиқиб кетиш ва ютиш керак дейилаверганидан сўнг шунақа фикр ҳам келиб қолди. Кўпроқ босим ўтказиб юбордимми, шуни оқибатида хотиржамлик йўқолиб, шошқалоқлик устун бўлдими?! Шу нарса ҳам бўлди, аммо албатта йигитлар билан бирга эдим.

- ОКМКни 1,5 – 2 ой олдинги спорт формаси билан ҳозирги ҳолати ўртасида қанчалик фарқ бор?

- Менимча, ФИФА куни бизга катта таъсир қилди. Қолаверса, ёшлар терма жамоасига борган ўйинчиларимдан қониқмадим. Исломни ўзига ҳам айтдим, эйфория, кўп энергия йўқотади. Уни тиклаш учун маълум вақт керак. Бу ҳам таъсир қилди. Тезроқ биринчи давра билан иккинчи давра орасига чиқишимиз керак. Тўғри хулоса чиқариб, иккинчи даврага жиддий тайёргарлик кўришимиз лозим. Ҳақиқатан ҳам ишқибозларимизни ўргатиб қўйганмиз, ўзимиз сабабчимиз. Ўргатиб қўйганимиздан кейин бунақа натижа кўрсатмаслигимиз керак. Яна юқорига ҳаракат қилаверишимиз даркор. Ўйлайманки, бу ҳолатдан ўтамиз. Яна яратилган имкониятлардан фойдаланамиз. “Реализация” қайтади. Ўйинчиларимиз яна эски мақомига қайтади.

- Умуман олганда, жамоани ҳозирги “кризис” пайтида руҳий муаммолар борми? Футболчилар ҳам юта олмаётганига қайғуришяптими?

- Қайғуришяпти. Кўзга кўринмаган ҳолда барибир шу нарсалар ҳам таъсир қилади. Ичидан нима ўтаётганини ўзлари билишади. Шунга қарамай, айримлари қўлини силтаб тушириши мумкин. Қанча қўшиб берса ҳам охиригача курашиш зарур. Кучи қолмаган тақдирда ҳам ҳисобни тенглаштириш учун охиригача ҳаракат қилишди. Айтганимдек, имкониятлардан фойдаланишда оқсоқланяпмиз. Тўп дарвозага кирмаяпти, омад биз томонда бўлмаяпти.

- Футболчиларни мағлубиятдан кейин ҳам ҳимоя қиляпсизми?

- Бақир-чақир билан иш битмайди. Хато қилмайдиган инсонни ўзи йўқ. Футболда ҳам худди шунақа. Лекин қилинган хатодан тўғри хулоса қилиш керак. Яхши ўйинчи бугун хато қилган бўлса, эртага буни қайтармаслиги лозим. Бундан хулоса чиқариши керак. Шуни тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Видео кўрсатамиз. Мен ҳам ҳаммасини миямда сақлай олмайман. Аввало, ўйинни таҳлил қилиб, шу нарсани тўғри етказиш керак. Аммо шижоат бор. “Сурхон” жамоасини ғалаба билан табриклайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!