 
                "Месси 4 йил давомида 1400 та укол қабул қилган" - Леонинг шифокори
Лионель Мессининг болалик давридаги шифокори Диего Шварцштайн аргентиналик футболчининг ўша пайтлардаги соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни қандай бартараф этгани ҳақида сўзлаб берди.
- Уни менга даволаниш учун севимли клубим "Ньюэллс Олд Бойз"нинг раҳбарлари юборган. Улар минглаб ўғил болалар борлигини, аммо бу бола шубҳасиз энг истеъдодлиси эканлигини айтишди. Месси менинг олдимга келганида 10 ёшда эди, бўйи эса жуда паст - атиги 125 сантиметр эди.
У ҳеч қандай ўсиш жадвалига тўғри келмасди. Нимадир нотўғри эканлиги аниқ эди. Тўрт ой давомида батафсил текширувлар ўтказилди. Унинг оиласи бой эмасди ва бу жараённи янада мураккаблаштирарди. Маълум бўлишича, Месси организмида ўсиш гормони етарлича ишлаб чиқарилмас экан. Бундай нуқсон билан ҳар 20 минг боладан биттаси туғилади.

Мен уни уч йилдан ортиқ даволадим. Лео футбол ўйнаш учун ҳамма нарсага тайёр эканлиги кўриниб турарди. Баъзилар ташқи кўриниш учун, бошқалар қизларга ёқиш учун бўйини оширмоқчи бўлади, Месси эса юқори даражада футбол ўйнаш учун баландроқ бўлишни истарди. Мен ўшанда унга: "Бўйинг ҳақида хавотир олма. Марадонадан баландроқ бўласан," дедим.
Чиндан ҳам шундай бўлди. Мессининг бўйи тўрт сантиметрга баландроқ, Марадонаники эса 165 см эди. Ўшанда мен фақат унинг бўйи баландроқ бўлишига ишонардим. Энди эса Лео ундан ҳам яхшироқ эканлигини тушуниб етдим.
Даволаш ҳар куни оёқ ёки қўлга ўсиш гормони уколи қилишдан иборат эди. Бироқ у ҳеч қачон нолимас, жуда қатъиятли эди. Умуман олганда, муолажалар тўрт йил давом этди ва у тахминан 1400 та укол олди.
2000-2001 йилларда даволаш хавф остида қолди. Муолажа ойига 1300 доллар турарди. Аргентинада катта иқтисодий инқироз бошланганда, кўплаб тиббий суғурталарда, хусусан Мессининг отаси Хорхеникида ҳам муаммолар юзага келди. Биз яна бир неча ой зўрға тирикчилик қилдик, кейин мен ўқиётган Барселонага боришга мажбур бўлдик. Каталония клуби харажатларнинг бир қисмини қоплади, аммо даволанишнинг 70 фоизи биз жўнаб кетишимиздан олдин Аргентинада ўтган эди.
Бундай даволанишни допингнинг бир тури деб ўйлайдиган одам шунчаки аҳмоқдир. Бу уколлар унга футболчи сифатида ҳеч қандай қўшимча таъсир кўрсатмаган. Биз фақат унинг имкониятларини бошқаларники билан тенглаштирдик, холос. Агар дори-дармонлар бўлмаганида, у 10-15 сантиметр пастроқ бўлиб, ҳозирги даражасига яқинлашишнинг ҳам иложи бўлмасди.
Месси билан сўнгги марта 2014 йилда суҳбатлашганмиз. Мен "Барселона" ўйинларида бўлганман ва унинг отаси билан жуда яхши муносабатдаман," - дея таъкидлади Шварцштайна "Super Express" нашрига берган интервьюсида учун.



Фикрлар