
"Манчестер Юнайтед" ваниҳоят марказий ҳужумчи бўйича музокараларни бошлади
"Манчестер Юнайтед" клуби Беньямин Шешкони трансфер қилиш учун музокараларни бошлади. "TalkSPORT" нашрининг маълумотига кўра, клуб делегацияси Германияга йўл олган ва "РБ Лейпциг" раҳбарияти билан учрашув ўтказган.
22 ёшли словениялик ҳужумчининг трансфери МЮ скаутлар бошлиғи Кристофер Вивиел томонидан қўллаб-қувватланган. Шунингдек, клубнинг футбол бўйича музокаралар директори Мэтт Харгривз бир неча кун олдин Германияга етиб борган. Сабаби – "Ньюкасл" ҳам Шешкони сотиб олишдан манфаатдор ва тез ҳаракат қилиш талаб этилади.
"Лейпциг" аввалроқ ҳужумчини 80 миллион евродан кўпроққа баҳолаган. Аммо "Манчестер Юнайтед" ҳам, "Ньюкасл" ҳам трансфер тахминан 70 миллион евро атрофида амалга ошиши мумкин деб ҳисобламоқда.
Шешко — манчестерликлар учун ҳужум чизиғини кучайтиришга номзод қилиб кўрилаётган икки футболчидан бири. Иккинчи номзод — "Астон Вилла" ҳужумчиси Олли Уоткинс. Маълумотларга кўра, бош мураббий Рубен Аморим айнан Уоткинсни танлашни истаган, бироқ клуб уни сотиш ниятида эмас.
Шу билан бирга, "қизил иблислар" англиялик футболчи учун ҳам расмий таклиф бериш имкониятини инкор этмаяпти. Клуб ичида тажрибали АПЛ футболчисигами ёки катта салоҳиятга эга ёш ҳужумчигами устуворлик бериш ҳақида тортишувлар давом этмоқда.
"TalkSPORT" журналисти Бен Жейкобснинг таъкидлашича, Германияга етиб бориш орқали "Юнайтед" Шешко бўйича музокараларни жадаллаштирган.
Фикрлар