
Гвардиола, Ҳусановдан воз кечиб, катта хато қилдинг!
Англия Премьер-лигасининг иккинчи турида “Манчестер Сити” кутилмаганда ўз мухлислари гувоҳлигида “Тоттенхэм”дан 0:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Бу ҳолат манчестерлик фанатларни жумбушга келтирди. Ўйин ҳимоя чизиғидаги қўпол хатолар оқибатида бой берилди. Бреннан Жонсон ҳисобни очган вазиятда Жон Стоунз рақиб ҳужумчиси Риварлисонга қаршилик кўрсата олмай, йиқилиб тушди.
Иккинчи гол дарвозабон Жеймс Траффорднинг ҳимоячига ўта ноқулай пас берганидан кейин Жоау Пальинья томонидан киритилди.
Баҳсни кузатган мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам Хосеп Гвардиола жамоасида ҳимоячиларга тезкорлик етишмагани панд берганини таъкидламоқда. Кўпчилик “Тоттенхэм”нинг тезкор ҳужумларини тўхтата оладиган Абдуқодир Ҳусановни майдонга туширмагани учун испаниялик бош мураббийни маломат қиляпти.
Нуфузли манба – manchestercity.news таҳлилчилари ижтимоий тармоқлар орқали “Манчестер Сити” фанатларининг Абдуқодир Ҳусановнинг майдонга туширилмагани ортидан келиб чиққан вазиятни ўрганиб чиқди.
- “Манчестер Сити” фанатлари анчадан бери Абдуқодир Ҳусановга кўпроқ ўйин амалиёти берилишини талаб қилмоқда. “Тоттенхэм”га бой берилган учрашувдан кейин бу талаблар янада кучайди.
Ўзбек ҳимоячиси янги мавсумда “Вулверхэмптон”га қарши атиги саккиз дақиқа тўп тепди холос. “Тоттенхэм” билан ўйинда захирада қолдирилди.
Мухлислар жамоа ҳимоя чизиғига тезлик етишмаётганидан норози. Айниқса, бу ҳолат жамоа баланд ҳимоя чизиғида ҳаракатланганда яққол сезилиб қоляпти. “Сити”га тезкорлиги билан тилга тушган Абдуқодир Ҳусанов етишмаяпти, - деб ёзди manchestercity.news нашри эксперти Жузеппе Лабелларте.
Sports.uz портали “Манчестер Сити”нинг бутун дунёга тарқалган ишқибозлари ижтимоий тармоқларда мана шу мавзуда билдираётган муносабатларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.
- “Ҳусанов кўпроқ имкониятга муносиб. Унинг тезлиги юқори ва шиддати зўр”.
- “Мен Диашни ёқтираман, у жамоа етакчиси, лекин анчадан бери юқори спорт формасида эмас”.
- “Менга эса, Жон Стоунз ва унинг Диаш билан бирга ўйнаши ёқади. Аммо бизга Стоунз ёки Диаш ёнида тезкор марказий ҳимоячи ўйнагани маъқул.
- “Стоунз ҳам, Диаш ҳам – зўр ўйинчилар. Бироқ уларнинг ёнида ё Гвардиол, ёки Ҳусанов ўйнаши керак”.
- “Жамоамиз баланд чизиқли ҳимоя усулидан фойдаланадиган бўлса, бизга тезкор марказий ҳимоячилар зарур”.
- “Марказий ҳимояда Диаш+Ҳусанов ёки Стоунз+Ҳусанов тандемини ўйнатиб, ўнг қанотни Матеус Нуньесга бериш керак”.
- “Бир гуруҳ мухлислар Ҳусанов марказий ҳимояда ўйнаши кераклигини таъкидлаяпти. Бошқалари эса, Абдуқодирни Рико Льюис ўрнига ўнг қанотда ўйнашини истаяпти”.
- “Менга Рико Льюис ёқади, лекин унинг олдинга ўтиши оқибатида ҳимоя қаровсиз қолиб кетяпти.
- “Треблга эришган мавсумдаги даражага чиқиш учун Ҳусановни ўнг қанотга қўйинглар”.
- “Бу ўйинда жамоага Ҳусановнинг тезкорлиги етишмади”.
- “Балки Льюиснинг ўрнига Абдуқодир тушганида яхши бўлармиди...”
- “Райан Айт-Нури майдонни тарк этганидан кейин бизга рақиб қарши ҳужумларини қайтариш учун тезкор футболчи зарур бўлиб қолди”.
- “Рико Льюис захирада ўтириши, Ҳусанов илк дақиқадан ўйнаши шарт”.
Катта манбалардан бири – The Athletic нашри журналисти Жордан Кэмпбелл ҳам “шаҳарликлар”ни Абдуқодир Ҳусановнинг устун томонларидан кўпроқ фойдаланишга чақирмоқда.
- Ҳусановни ўнг қанот ҳимоясида ўйнатиш ғоясини илгари суришдан воз кечмайман. У жуда тезкор ва бирга бир вазиятларда ҳам жуда зўр ҳимояланади. Бу айни пайтда Премьер-лигада энг зарурий сифатлардан биридир. “Тоттенхэм”га қарши учрашувда Рико Льюиснинг ўйини Хосеп Гвардиолани бу масалани яхшилаб ўйлаб кўришга мажбур қилади, - деб ёзди Жордан Кэмпбелл.
Экспертлар Абдуқодир Ҳусановнинг тезкорлиги, жисмоний куч-қуввати, шиддатини юқори ҳимояланишда ва тезкор қарши ҳужумларни тўхтатиб қолишда энг самарали усул, деб таъкидлаяпти. Гарчи ўзбек футболчиси тўпга кўп тегинмаса ҳам, унинг паслари аниқлиги ва ўйинни яхши ўқий олиш қобилияти алоҳида тилга олинмоқда. Диаш ва Льюис ўйинида кузатилган муаммолар юзага келган вазиятларда Ҳусанов масаланинг асосий ечими бўлиши мумкин.
Фикрлар