
Энди битта Шомуродов етишмаяпти!
Россия Премьер-лигасининг янги мавсуми бошланди. Бу йилдан эътиборан, Москванинг “Динамо” клубини ҳам чемпионлик ва мамлакат кубоги учун курашадиган клублар рўйхатига қўшишмоқда.
Гап шундаки, “динамочилар”ни Россия миллий терма жамоаси бош мураббийи Валерий Карпин қабул қилиб олди.
“Динамо” клуби куни кеча Истанбулнинг “Бешиктош” клубидан Қозоғистон миллий терма жамоаси етакчиси Бахтиёр Зайнутдиновни трансфер қилди. Москваликлар Туркия Суперлигасида икки йил ўйнаган футболчини 2,8 миллион еврога харид қилди.
Россиялик журналист Дмитрий Егоров Зайнутдинов трансферидан кейин Валерий Карпин янги жамоасига ўзи яхши билган ва илгари ўзининг қўл остида тўп тепган ўйинчиларни жамлаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Бахтиёр Зайнутдиновдан ташқари, илгари “Ростов”да Карпиннинг шогирди бўлган россиялик ўйинчилар – Дмитрий Скопинцев, Данил Глебов ва Максим Осипенко ҳам айни пайтда “Динамо” клуби аъзолари ҳисобланади.
Дмитрий Егоров ростовликларнинг эски таркиби “Динамо”да жам бўлиши учун яқинда “Рома”дан Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клубига кўчиб ўтган ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов етишмаётганини ҳазил билан тилга олди.
- Зайнутдинов ҳам “Динамо”га келди. Бундан келиб, Валерий Карпин қўл остида турли йилларда “Ростов”да ўйнаган Зайнутдинов, Скопинцев, Глебов ва Осипенко жамланди. Энди таркиб тўлиқ бўлиш учун Элдор Шомуродовни олиш қолди холос, - деб ёзди россиялик журналист телеграммдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “Машъал” ва “Бунёдкор” жамоаларида тўп тепган Элдор Шомуродов хориждаги фаолиятини Россия Премьер-лигасида бошлаган. Маҳоратли форвард 2017-2020 йиллар давомида “Ростов” клубида Валерий Карпин бош мураббийлигида ўйнади.
Ўз даврида Испания чемпионатида порлаган Карпин Европа футболини яхши билан мутахассис сифатида Элдор Шомуродовнинг янги қирраларини очди. 2020 йилнинг октябрида бу мураббий жамоа етакчиси ва тўпурари ҳисобланган ўзбек футболчисини “Женоа”га қўйиб юборишга қаршилик қилмади.
Элдор Шомуродов қарийб беш йил давомида “топ-5” лигалари қаторига кирувчи Италия А Сериясида “Женоа”, “Специя”, “Кальяри” ва “Рома” каби клублар шарафини ҳимоя қилди. Элдор кучли бешлик чемпионатларида энг кўп ўйин ўтказган ва гол урган биринчи ўзбек футболчиси сифатида ўз номини тарихга ёздириб қўйди.
30 ёшли форвардимиз янги мавсумдан фаолиятини Европада ўз ўрнига эга бўлиб бораётган Туркия Суперлигасида “Истанбул Башакшеҳир” клубида давом эттиради.
Фикрлар