Чиройли футболдан кўра натижа муҳимлигини ҳамма ҳис қиляпти ёхуд Суперлигада "ғалвирни сувдан кўтариш" пайти келди
Бугун Суперлигада 28-тур бошланади. Режага кўра, Бухоро ва Олмалиқда ўйинлар бўлиб ўтади. Тур баҳслари 10 ноябрга қадар давом этади. Ғаливрни сувдан кўтариш пайти келди ёки жўжани кузда санаймиз иборасини айни қўллайдиган пайт.
7 ноябрь
18:00. “Бухоро” - “Нефтчи”
Ўзбекистон Кубоги финалчиси “Бухоро” ушбу турда чемпионлик учун асосий даъвогар бўлиб турган ва пешқадамлик қилаётган “Нефтчи”ни қабул қилади. Бу фарғоналиклар учун жиддий ўйин. “Бухоро”ни бошқараётган Александр Хомяков жамоасини кучли рақибларга қарши яхши тайёрлай олишини олдинлари натижалар орқали исботлаган. Қолаверса, “Бухоро”ни ўзига ҳам очколар жуда зарур. Чемпионлик йўлидаги курашда “Нефтчи” учун энг оғири ушбу учрашув бўлса ажаб эмас.
18:00. ОКМК - “Навбаҳор”
ОКМК клуби охирги 5 та турдан бери ғалаба қозона олмасдан келяпти. 1 дуранг ва 4 мағлубият қайд этди. Бу Миржалол Қосимов жамоаси учун албатта бироз кутилмаган натижа сифатида туюлмоқда. Навбатдаги баҳсда олмалиқликларнинг яна очко йўқотишига жамоа йўл қўймаса керак, яна ким билади, дейсиз?! Бошқа томондан “Навбаҳор”нинг қанчалик қаршилик кўрсатишига ҳам боғлиқ. Ўтган турда наманганликлар уйида “Насаф”дан очко тортиб олишди. Лекин бу сафарги баҳсда ОКМКнинг имконияти бироз юқорироқ баҳонланмоқда.
8 ноябрь.
16:00. “Қўқон-1912” - “Пахтакор”
Баҳром Ҳайдаров жамоаси бу йилги Ўзбекистон Кубоги ғолибини ўз уйида қабул қилади. “Пахтакор”да ҳозирги пайтга келиб медаллардан бирини қўлга киритиш имконияти мавжуд. Шунинг учун Камол Тожиев жамоаси учун ҳам бу баҳс жуда муҳим аҳамият касб этади. Умуман, чемпионат якунланиб қолган бир маҳалда барча иштирокчиларга очколар жуда зарур ва ғалвирни сувдан кўтариш пайти яқинлашган. Шундай экан, Қўқондаги учрашув ҳам кескинлик борасида интригаси анча юқори бўлса керак.
17:00. “Бунёдкор” - “Динамо”
Иккала жамоа очиқ, ҳужумкор футбол кўрсатишади. Шу сабабли, доим ушбу жамоалар иштирокидаги баҳсни кузатиш қизиқ бўлган. Биринчи даврада Самарқандда бўлиб ўтган ўйинда “Бунёдкор” рақибини 0:3 ҳисобида тор-мор келтирганди. Бу сафаги ўйин ҳам мухлисларнинг қизиқиш доирасида бўлиб турибди.
18:15. “Насаф” - “Машъал”
Воҳа дербисида “Насаф” “Машъал”ни қабул қилади. Чемпионлик учун курашда “Нефтчи” билан жиддий рақобталашётган қаршиликларни ушбу турда “Машъал”ни енгиб уч очкони қўлга киритишига кўпчилик шубҳа қилмаяпти.
9 ноябрь.
15:00. “Қизилқум” - “Андижон”
Турнир жадвалида мезбонлар 9-поғонада, андижонликлар эса 10-ўринда. Максим Шацких жамоаси Баҳрайнда Осиё Чемпионлар лигаси доирасида дуранг ўйнаб қайтди. Навоийдаги беллашувда жамоаларнинг имкониятлари тенг баҳоланмоқда. Ким имкониятлардан самарали фойдаланса, ғалаба ўшаники бўлади.
17:15. “Хоразм” - “Сўғдиёна”
Ҳаким Фузайлов бошчилигидаги “Хоразм” клуби “Сўғдиёна”ни мағлуб этиши шарт. Турнир жадвалидаги ҳолат шуни тақозо этяпти. Жиззахликларда яхши жамоа бор, аммо баъзида барқарорлик етишмаяпти. Кўпчилик мутахассислар “Хоразм”нинг ўйинини ижобий баҳолашади, аммо бу натижаларда акс этмаяпти. Чиройли футболдан кўра натижа муҳимлигини нафақат урганчликлар, балки бошқалар ҳам ҳозирда чуқур ҳис қилиб туришибди. Бу ўйинни кузатиш ҳам анча қизиқ.
10 ноябрь.
18:00. “Сурхон” - “Шўртан”
Суперлигани тарк этиши аниқ бўлиб улгурган “Шўртан” Термизда “Сурхон”га қарши ўйнайди. Ғузорликларда мотивация қолдими? Бунга “Сурхон”га қарши баҳсда жавоб олишимиз мумкин. Энди “Шўртан” аъзоларида ҳеч қандай босим қолмади. Улар ўзларини эркин ҳис қилган ҳолда футболни балки борича ўйнашар ва бу “Сурхон”га муаммолар олиб келар, буни ўйинда кўрамиз. Лекин фаворит мезбонлар.



Фикрлар