
"Бургутлар"нинг янги футболчиси: "Андижон" мухлислари ўйнамайдиган одамни ҳам ўйнатиб юборадилар"
Маълумки, “Андижон” клуби ёзги селекция жараёнида таркибига иқтидорли футболчи Аббос Эргашбоевни ҳам қўшиб олди.
“Пахтакор” тарбияланувчиси энди бор эътиборини “Андижон” жамоасига қаратган. Мутахассислар уни келажагини порлоқ дея баҳоламоқдалар.
- Аббос, авваламбор мухлисларга ўзингиз ҳақингизда батафсил маълумот бериб ўтсангиз...
- 2003 йилнинг 28 март куни Гулистон шаҳрида туғилганман. 6 ёшимдан футболга қатнашишни бошлаганман. Гулистондаги биринчи мураббийим – Рафаэль Ринатович Шафиков қўл остида 11 ёшимгача шуғулландим. Кейин мени “Пахтакор”га олиб борди. Натижада у ерда мени қабул қилишди. “Пахтакор”да Дмитрий Михайлович Ким қўли остида катта бўлдим. Мен учун мана шу иккита мураббий муҳим роль ўйнайди. 16 ёшимда ўринбосарлар жамоасида эдим. 18 ёшимда эса асосий таркибга ўтдим. 19 ёшимдан ўйинларга тушишни бошлаганман ва Осиё Чемпионлар лигасида гол урганман.
“Андижон” мухлислари Ўзбекистон бўйича биринчи рақамли. Ўйнамайдиган одамни ҳам ўйнатиб юборадилар. Тинимсиз қўллаб-қувватлашади. “Андижон” мухлислари бор, Андижон футболи бор! “Андижон”га ўтганимнинг сабаби, ёрдам бериш ва бундай ўйинлар билан кучли учталикка илиниш мақсадимиз бор.
- Жароҳат туфайли дастлабки ўйинни ўтказиб юбордингиз. Ҳозир ҳолатингиз қандай?
- Ҳозирги ҳолатим яхшиланли ва умид қиламанки, “Сурхон” билан учрашувгача 100 фоиз спорт формамда бўламан. Машғулотларга қўшилганман.
- “Насаф”га қарши учрашувни кузатдингиз ва қандай таассурот қолдирди? Четдан қараганда нималарни ҳис қилдингиз?
- “Насаф” кучли жамоа бўлишига қарамай, биз улардан қолишмадик. “Насаф” биздан очко олиб кетмоқчи бўлди. Чунки биринчи даврада улардан уч очкони тортиб олгандик. Биз ҳаммага жамоага қарши чиройли ва шунга яраша ғалабали ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Биз жисмоний томондан ҳам яхши формадамиз.
- “Андижон”га ўтгач, ўз олдингизга биринчи қўйган мақсадингиз қандай?
- “Андижон” клубига ўтганимнинг сабаби, юқори поғоналарга олиб чиқишда ўз ҳиссамни қўшиш ва мухлислар учун чиройли ўйин кўрсатиш.
- Аслида бу вариант қандай пайдо бўлди ва ким сабабчи?
- Ўзим ҳам “Андижон” клубига чақиришларини кутмагандим. Агентларим билан боғланиб алоқага чиқишган. “Андижон” жамоаси билан танишиб чиқдим ва менга маъқул бўлди. Мухлислари билан ҳам танишдим.
- “Пахтакор” сафида ОЧЛда ҳам гол уришган улгургансиз. Умуман, шу кунгача сиз учун фаолиятингиздаги энг муҳим гол қайси?
- Энг муҳим голимни ОЧЛда урганман. Чунки бу бутун фаолиятимни ўзгартирган. Чунки футбол шунақа: қайсидир ўйин ёки ундаги биргина гол ҳаётингизни ўзгартириб юбориши мумкин. Шунинг учун ёшларга доим сабрли ва меҳнат қилишдан тўхтамасликларини айтаман. Омад кимгадир эрта ва кимгадир кеч келади.
- Дарвоқе, “Пахтакор”нинг Ўзбекистон Кубогида “Динамо”га ютқазганидан ҳайрон қолдингизми?
- Ҳа, хайрон қолдим. Бундай натижани “Пахтакор”дан кутмагандим. Футбол ўзи шунақа.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар