"Бунёдкор"нинг олдига аниқ вазифа қўйилди ёхуд тақдимот маросими қандай ўтди?

  • 2 март, 2022, 18:31
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Хабар берганимиздек, бугун “Бунёдкор” тақдимот ва таништирув маросимини ўтказди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Tecno

“Бунёдкор” клуби директори Улуғбек Мирзаев, бош мураббий Шуҳрат Мақсудов, футболчилар ва мухлислар иштирок этган маросимда жамоага таклиф этилган янги ўйинчилар таништирилди ҳамда уларга либослар топширилди. Шунингдек, ОАВ ходимлари клуб раҳбарияти, мураббий ва футболчиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Дастлаб клуб директори Улуғбек Мирзаев ўз фикрларини билдирди: - “Барчани янги мавсум билан табриклайман. Эртага “Сўғдиёна”га қарши ўйин билан биз учун мавсум бошланади. Жамоа ҳар доимгидек ўз олдига янги марраларни қўяди ва юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қилади”.

Шуҳрат Мақсудов: - “Барчани янги мавсум билан табриклайман! “Бунёдкор” янги мавсумга тайёргарликни деярли янгиланган таркиб билан 5 январдан бошлади. Клубимиз президенти Меҳриддин Абдуллаев билан суҳбатлашгач, асосий эътибор академиямиз тарбияланувчиларига қаратилиши бўйича бир қарорга келдик. Тўғри ҳозир бир қадам орқага ташлаётгандирмиз, аммо вақти келиб икки қадам олдинга юрамиз. Февраль ойида Туркияда йиғин ўтказдик. Ёшларнинг кўзида хоҳиш-иштиёқни кўрдим, фақат уларга тажриба етишмаяпти ва бу табиий ҳолат. Тажриба ўйинлар орқали келади. “Бунёдкор”нинг келажаги ишончли қўлларда. Ёшларга эътибор қилаётганимизни академиямизда ҳозир таҳсил олаётган ёш болалар ҳам кўришмоқда ва улар ҳам келажакда асосий таркибга киришга ҳаракат қилишади. Биз ёлғиз эмасмиз, футболчиларимиз мана шу мухлисларимиз учун чиройли ўйинлар намойиш этишга ҳаракат қилишади. Мухлислардан битта илтимос, ҳар қандай натижа қайд этилса ҳам жамоани қўллаб қувватлаб турасизлар, деб умид қиламан”.

Маълумот учун айтиб ўтиш керак, “Бунёдкор” янги мавсум учун 27 нафар футболчини рўйхатдан ўтказди. Жамоа сардори, тожикистонлик ҳимоячи Давронжон Эргашев фахрий ўйинчимиз ҳисобланса, Жаҳонгир Ўрозов энг ёш футболчи саналади.

Давронжон Эргашев: - “Жамоамиз янги мавсумга 99 фоизга тайёр. Ҳар бир ўйинга фақат ғалаба учун чиқамиз. Бизга қарши ўйнайдиган жамоаларга осон бўлади, дейишмоқда, ишонтириб айтаман ундай бўлмайди. “Бунёдкор” доим совринли ўринлар учун курашади.

бунёдкор тақдимот

Жаҳонгир Ўрозов: “Бунёдкор” доим ғалаба учун майдонга тушади. Барчага янги мавсумда омад ёр бўлсин.

Шундан сўнг, жамоага келиб қўшилган янги футболчиларга либослар тақдим этилди.

Суҳробжон Султонов - 32

Сардор Хурсандов - 2

Дилшод Жўраев - 5

Усмонали Исмоналиев - 22

Ҳусайн Эргашбоев - 14

Дмитрий Побулич - 11

Францис Нарх - 8 (виза билан боғлиқ муаммо туфайли ҳали Ўзбекистонга етиб келмади).

бунёдкор тақдимот3

Либослар топширилгач, ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

- “Бунёдкор” уй ўйинларини бошқа стадионда ўтказиши ҳақида хабарларни ўқидик. Ҳатто жамоага техник мағлубият ёзилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилди. Шу масалага ойдинлик киритиб бера оласизми?

Улуғбек Мирзаев: - Биз мавсумни ўз стадионимизда бошлашни хоҳладик, бошқа томондан майдон ҳолатини ҳам ўйлашимиз керак эди. Бугун клуб президенти келиб тасдиқлаб берди: “Бунёдкор” – “Сўғдиёна” учрашуви “Бунёдкор” асосий стадионида бўлади. Балки кейинги уй ўйинларимиз бошқа стадионда бўлар, аммо 1-тур ўз уйимизда ўтказилади. Ўринбосарларимиз учун эса академиямизда кўчма трибуна бунёд қилдик ва ўша ерда ўйнашга келишиб олдик.

- Туркиядаги йиғинда нимадан кўнглингиз тўлди-ю, нимадан қониқмадингиз?

Шуҳрат Мақсудов: - Битта жойда яшадик ва оилага айланиб кетдик. Яхши рақиблар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказдик. Ўртоқлик ўйинларидаги натижа у қадар муҳим эмас. Асосийси, футболчиларнинг ўзаро тил топишиб кетиши. Туркиядаги йиғиндан кўнглимиз тўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!