
Баҳром Ҳайдаров: "Дориевни бутун Ўзбекистон гапиряпти"
Суперлиганинг 15-тури давом этмоқда. Жиззахда “Сўғдиёна” ҳамда “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги беллашувга ҳам қизиқиш яхшигина эди.
Қўқонликларга ғалаба ниҳоятда зарур эди. Чунки чемпионат ва Кубокда кетма-кет 7 та ўйиндан бери мағлубиятга учраб келаётгани сабабли ҳам бу сафарги, биринчи давранинг охирги турини ғалаба билан якунлаш мақсадида эдилар. Бироқ Иван Бошкович жамоаси бунга йўл қўймади ва натижада “Қўқон-1912” кетма-кет 8-мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.
Люпчо Дориевнинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида жиззахликлар фойдасига ҳал бўлган учрашувдан кейин “Қўқон-1912” бош мураббийи Баҳром Ҳайдаров матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни билдирди.
"Бугун очко олишимиз жуда ҳам муҳим эди. Турнир жадвалидаги ўрнимиз бизни умуман қониқтирмаётганди. Буни уддалай олмадик. Футболчилар роса ҳаракат қилишди. Ўйин учун уларга раҳмат айтаман. Майдонда борларини бериб ўйнашди.
Замонавий футболда турнирларни умумий жамоа ҳал қилса, яхши, сифатли ўйинчилар битта ўйинни ҳал қилиб кетишлари мумкин. Биз буни амалда кўрдик. Дориевни бутун Ўзбекистон гапиряпти. Шу футболчини ҳисобига биринчи таймда ютқаздик, деб ўйлайман. Биринчи таймдаги иккита гол катта устунлик. Шунга қарамай, иккинчи бўлимда ташаббус биз томонда бўлди. Қарши ҳужумлар чоғида “Сўғдиёна”да ҳам вазиятлар юзага келди.
Рақиб жарима майдони атрофида дарвозага яқинлашганимизда ўйинчиларимизга совуққонлик ва маҳорат етишмаяпти. Лекин ўйин бўйича ҳеч кимга эътирозимиз йўқ.
Ғалаба билан “Сўғдиёна”ни табриклайман. Озми-кўпми мухлисларимизни трибунада кўрдик ва шунча йўл босиб жамоамизни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдираман", - дейди Баҳром Ҳайдаров.
Фикрлар