
"Андижон" клубига янги бош директор тайинланди
Суперлигада 6-ўринни банд этиб турган "Андижон" жамоасига янги раҳбар тайинланди. Бу хусусида клуб матбуот хизмати шундай хабар қилади:
"Айни пайтда "Андижон" клуби бош ҳомийси ҳисобланган “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан жамоага жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, маҳаллий иқтидорли ёшларни тарбиялаш, бу орқали терма жамоаларимизга муносиб кадрлар етказиб бериш ҳам асосий вазифалардан бири. Бунга жавобан “Бургутлар” чемпионатда рақобатбардош жамоа сифатида ўз мухлисларини хурсанд қилиш учун астойдил курашмоқда. Бундан кейин ҳам жамоани ҳар томонлама ривожлантириш, истиқболли режалар тузилган ҳолда “Андижон” ФКни янги босқичга олиб чиқилиши белгилаб олинган стратегиянинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Шу мақсадда “Андижон” клубига янги бош директор тайинланди. “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раҳбарияти томонидан Элбек Саматов “Андижон” футбол клуби бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
35 ёшли ушбу мутахассисни ишқибозларимиз яхши биладилар. Боиси, Элбек Абдурауф ўғли бунгача ҳам “Андижон” клубида спорт директори лавозимида иш олиб борган. 2021 йилнинг ярмида жамоада фаолиятини бошлаган ва жорий йилгача давом эттирган. Эндиликда эса Элбек Саматов “Андижон” клубига бош директор вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида қайтди.
Янги лавозимда Саматовга муваффақият тилаймиз ва ишонамизки, “Андижон” клуби ўз олдига қўйган мақсадларини шараф билан бажарган ҳолда мухлисларини қувонтиради", - дейилади "Андижон" клуби матбуот хизмати баёнотида.
Фикрлар