АПЛ. 2-турда кўришингиз шарт бўлган учта учрашув бор!

CHERY AUTO

22 август санасидан Англия Премьер-лигасининг 2-тур бахслари старт олади. Ушбу турда кўришингиз керак бўлган 3 та ўйин хақида гаплашамиз!

Tecno

Биринчи учрашув - "Манчестер Сити" ва "Тоттенхэм" қарама қаршилиги

Икки жамоа ҳам дастлабки турда рақибларидан бир бош устун эканини кўрсатиб қўйди. Европа лигасининг амалдаги ғолиби Лондоннинг "Тоттенхэм" жамоаси илк турда Чемпионшипнинг вице-чемпиони "Бёрнли"га қарши ўз майдонида бахс олиб бориб, 3:0 хисобида ғалаба қозонди. "Шаҳарликлар" эса сафарда "Вулверхэмптон"га қарши майдонга тушди ва Холанднинг дубли ҳамда Шерки ва Рейндерснинг голлари эвазига йирик 4:0 хисобида зафар қучди.

Натижалар кўрсатиб турибдики, икки жамоада ҳам кайфиятлар аъло даражада. Таркибнинг юлдузли экани тарафдан қаралса, "Манчестер Сити" фаворитдек кўринади. Бироқ "шпорлар" ҳар доим катта ўйинларда рақиблар учун "чақилмас ёнғоқ"қа айланади. Шу сабабдан ўйин бир тарафлама бўлмаслиги аниқ. Ушбу бахс 23 август санасида соат 16:30 да старт олади.

Иккинчи марказий учрашув - "Ньюкасл" хамда "Ливерпуль" баҳси

Премьер-лиганинг амалдаги чемпиони ва Англия Лига кубогининг амалдаги ғолиби тўқнашуви ҳам кўп нарсага ваъда бермоқда.

Дастлабки турда икки жамоа ҳам катта қийинчиликка дуч келди. "Ливерпуль" "Борнмут"га қарши кечган бахсда сўнги дақиқаларда урган голлари эвазига ғалабани илиб кетган бўлса, "ҳаккалар" "Астон Вилла"га қарши ўйинда муроса кўчасини танлади - 0:0. 

Икки клубнинг ўзаро сўнги 3 ўйинига қарайдиган бўлсак, ҳар икки жамоада ҳам биттадан ғалаба бор ва яна бир бахсда дуранг натижа қайд этилган. "Ньюкасл" Лига кубогини ҳам айнан "қизиллар"га қарши баҳсдаги ғалабадан сўнг боши узра баланд кўтарган эди. Жамоаларнинг сўнги ўйинлардаги натижалари ҳам ушбу бахс кескин курашлар ортида ўтишини кафолатламоқда. Унинг устига Александер Исак икки клуб ўртасида сарсон бўлаётгани ҳам ўйин интригасини ошириши табиий.

Оловли учрашув 25 августдан 26 августга ўтар кечаси тунги соат 00:00 да бошланади.

Учинчи бахс - "Фулҳэм" - "Манчестер Юнайтед" учрашуви

Ҳар икки клуб ҳам натижа томонлама мухлисларини хурсанд қила олмаган бўлсалар ҳам, ўйин томонлама рақибларига етарлича муаммолар туғдирди. МЮ "Арсенал"га қарши "Олд Траффорд"да рақибдан устунлик қилган бўлсада, якунда 0:1 хисобида мағлуб бўлди. "Фулҳэм" эса сафарда "Брайтон" мехмони бўлиб сўнги сонияларда урилган гол эвазига 1 очкога эга бўлган эди.

Трансферлар ойнасида ҳужум чизиғини қўрқинчли ҳолга келтириб олган "қизил иблислар" янги мавсумда гол уриш миссиясини бажаргани йўқ. Бироқ иккинчи турда Мбёмо, Шешко ва Кунья учлиги рақиб ҳимоясига етарлича бош оғриғи бўлиши табиий. "Фулҳэм" эса тартибли ҳимояси ва қарши ҳужумлари  эвазига ўз мухлислари қаршисида ғалаба қозонишга харакат қилади. Драматик ўтиши кутилаётган бахс 24 август куни соат 20.30 да старт олади.

Шу 3 та учрашувнинг ўзи иккинчи тур бахслари  қандай даражада ўтишини кўрсатиб турибди. Қолган учрашувлар ҳам бу ўйинлардан паст даражада ўтмаслиги аниқ.

Улуғбек Ҳошимов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!