
"Андижон" клуби "Бенфика" билан ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон Кубогининг амалдаги соҳиби ҳисобланган "Андижон" ўз академиясига эга бўлиш ва уни ҳар томонлама замон талабларига мослаштириш борасида жиддий ишларни олиб боряпти. Клуб матбуот хизмати эса бу борада қуйидаги хабарни эълон қилди:
“Андижон” футбол клубининг ривожланиш стратегиясида болалар футболига эътибор ва уни янги босқичга олиб чиқиш алоҳида устивор вазифага айланган.
Биласиз, жамоа раҳбарияти болалар футболига ҳамма вақт катта эътибор қаратиб келмоқда ҳамда “Андижон” клуби академиясини барпо этиш бўйича жаҳоннинг машҳур клублари академияларининг иш жараёнини яқиндан ўрганмоқда.
Шу мақсадда “Андижон” клуби бош директори Элбек Саматов айни пайтда Португалия пойтахти Лиссабонда бўлиб турибди. Бундан кўзланган мақсад, у ердаги машҳур “Бенфика” футбол клубининг академияси билан танишиш ва яқиндан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган. "Бенфика" ўз тарбияланувчиларини ривожлантириш ва академияси билан жаҳон футболида ўз ўрнига эга. У ердан доим номдор ўйинчилар етишиб чиқади.
“Бенфика” клуби билан болалар футболини ривожлантириш ва замонавий академияни тузиш мақсадида айнан Элбек Саматов “Бенфика” жамоаси раҳбариятининг таклифига кўра, у ерга йўл олган ва айни пайтда қизғин музокаралар давом этяпти.
Сафар давомида нафақат “Бенфика” клуби академияси, балки жамоанинг инфратузилмаси билан ҳам яқиндан танишмоқда", - дейилади расмий хабарда.
Comments